14 январь – Ватан ҳимоячилари куни. Бу йил Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганига 33 йил тўлади. Ўтган даврда Ўзбекистон армияси юртимиз тинчлигини сақлаш, халқимиз осойишталигини таъминлашда мустаҳкам таянчга айланди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида “Ватан – азиз, жасорат – мангу!” республика танлови ташкил этилди. Бугун пойтахтимиздаги Ёшлар ишлари агентлиги биносида мазкур танлов ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 33 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни байрами тадбирлари доирасида ўтказилган ушбу танловнинг тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов сўзга чиқиб, мамлакатимизда мудофаа тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида тўхталди.

Шунингдек, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 12 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 33 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги фармойиши ижроси доирасида ташкил этилган мазкур танлов бўйича атрофлича маълумот берди.

Таъкидланганидек, танловга тақдим этилган асарларда “Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат таянчи, халқимиз фахри!” деган эзгу ғоя мужассам бўлиб, Янги Ўзбекистонни барпо этишда тинчлик-осойишталик нақадар муҳимлиги, “Халқ ва армия – бир тану бир жон!” тамойили ҳаётимизда барқарор бўлиб бораётгани, чегараларимиз дахлсизлигини асраш, жонажон Ватанимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини кучайтириш, доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшашга чорлов каби мавзулар кенг ёритилган.

Мазкур танловда юз нафардан ортиқ журналист, ёзувчи ва шоир иштирок этди. Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, оммавий ахборот воситалари вакилларининг журналистик материаллари − телерадио, босма нашрлар ва интернет журналистикаси, шунингдек, ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари бўйича жами 8 нафар ижодкор ғолиб деб топилди.

Ғолиблар орасида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги шарҳловчиси Умиджон Қурбонов ҳам бор. ЎзА мухбирининг “uza.uz” сайтида эълон қилинган ҳарбий-ватанпарварлик мавзусидаги туркум материаллари танловда муносиб баҳоланди.

Муҳтарама Комилова, Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА