Шу кунларда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов бошчилигидаги делегация амалий сафар билан Хитой Халқ Республикасида бўлиб турибди.

Мазкур ташриф доирасида қатор учрашув ва муҳокамалар ўтказилиб, икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича муҳим масалалар кўриб чиқилмоқда.

Ушбу ташрифнинг муҳим воқеаларидан бири Гуанчжоу шаҳридаги “China Southern Power Grid International Co Ltd” (CSGI) компанияси штаб-квартирасига ташриф ва амалий учрашув бўлди.

Учрашув давомида икки томон ўртасидаги ҳамкорлик доирасида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, истиқболдаги режалар муҳокама қилинди. Хусусан, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Пскем дарёсида «Юқори Пскем ГТЭС» ва «Хўжакент ГТЭС» қурилишига қаратилган инвестиция лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Унда “Юқори Пскем ГТЭС” лойиҳасининг лойиҳаолди ҳужжатлари деярли тайёр бўлгани ва унинг миллий электр энергия тизими учун стратегик аҳамиятга эгалиги таъкидланди. Лойиҳани амалга ошириш ишларини 2025 йил март ойида бошлашга келишилди.

Шунингдек, ушбу лойиҳа Марказий Осиё минтақасидаги биринчи ГТЭС сифатида тарихий аҳамият касб этиши сабабли 2025 йил 10 март куни унинг қурилишига расмий старт бериш маросими ўтказилиши режалаштирилган.

Мулоқот чоғида “Хўжакент ГТЭС” лойиҳаси юзасидан ҳам муҳим келишувга эришилди. Лойиҳани ўзаро амалга ошириш келишуви (JDA) ҳужжати тантанали равишда имзоланди.

“Хўжакент ГТЭС” қурилишини 2025 йилда бошлаш режалаштирилган бўлиб, бу лойиҳа ҳам мамлакатнинг электр энергия таъминоти учун муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.

“CSGI” компанияси 2002 йилда ташкил этилган бўлиб, Жанубий Хитойдаги энг йирик давлат энергетика компанияларидан бири ҳисобланади. У электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш ва тақсимлашга ихтисослашган. Компания 2023-2024 йилларда 1,35 ГВт.соат электр энергиясини сотиш орқали 842,6 миллиард юань (118,8 миллиард доллар) операцион даромад олган ва “Fortune Global 500” рўйхатида 78-ўринни эгаллаб турибди.

Жамият ахборот хизматига кўра, мазкур лойиҳалар орқали Ўзбекистонда юқори қувватли гидроэнергетика объектлари барпо этилиб, халқимизнинг экологик тоза электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириш, шунингдек, ривожланаётган саноатни барқарор электр энергияси билан таъминлашга ҳисса қўшилади.

Н.Зиёдуллаева,

ЎзА