АОКАда ўтказилган брифингда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ахборот хизмати раҳбари Сабина Садинованинг маълум қилишича, 2024 йилда 15 турдаги маҳсулотнинг экспорти бўйича 71 та корхона Хитойнинг реестрига киритилиб, бугунги кунда уларнинг сони 496 тага етказилди.
Аргентина ўсимликлар карантини хизмати (SENASA) билан фитосанитария соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида Битим лойиҳаси парафирланди. Жорий йилда белгиланган дастур асосида тадбирлар олиб борилади.
АҚШ карантин хизмати (APHIS) ва Карантин агентлиги ўртасида мева-сабзавотларни радиациявий зарарсизлантириш усулини фитосанитария чораси сифатида тан олиш бўйича “Эквивалентлик келишуви” имзоланди. Бу эса истиқболда бир неча турдаги мева-сабзавотларнинг экспортини амалга ошириш имконини беради.
Ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари бўйича EPPO Ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилишини 2025 йил 3-5 июнда Тошкент шаҳрида ўтказиш белгиланди. Бу ҳодиса Ўзбекистоннинг фитосанитария соҳасидаги салоҳияти ва яратилган шароитларни кенг жамоатчиликка намойиш этиш имконини бергани билан аҳамиятлидир.
Эътиборлиси, Карантин агентлиги ходими Султонмаҳмуд Султонов EPPO вице-президенти лавозимига иккинчи муддатга қайта сайланиб, унинг фаолияти 2027 йилга қадар узайтирилди.
Германия томони билан олиб борилган музокаралар натижасида “ALDI” йирик савдо тармоғига ҳар ой 1 млн. долларлик мева-сабзавот етказиб бериш бўйича дастлабки келишувга эришилди.
Франция карантин хизмати билан электрон ахборот тизимлари интеграциясини йўлга қўйишга ва илм-фан соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга келишилди.
Халқаро талабларга мувофиқ Карантин агентлиги тизимида дуккакли маҳсулотлар экспортида “Sprout” сертификатлаш тизими жорий этилиб, Буюк Британия, Япония ва Кореяга 2,5 баробар қиммат нархда сотиш имконияти яратилди.
Ш.Маматуропова, ЎзА