Аҳолининг экологик турмуш тарзи ва маданиятини юксалтириш, инсоннинг табиат билан уйғун яшаши ва кунлик ҳаётий фаолиятининг атроф-муҳитга таъсирини минимал даражага тушириш учун рағбатлантирувчи тизимни жорий қилиш давр талаби бўлиб бормоқда.
2025 йилнинг 1 июнига қадар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан «Экофаол фуқаро» лойиҳаси ишга туширилиши таклиф этилди. Ушбу лойиҳа «Бир миллион яшил оила» умуммиллий ҳаракати доирасида йўлга қўйилиб, «Соғлом турмуш тарзи» платформасини ўз ичига олади. Бу ҳақда «Ўзбекистон–2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони лойиҳасида қайд этилган.
Шу ўринда савол туғилади: кимларга «экофаол фуқаро» мақоми берилади? Ушбу мақом аҳолимизда экологик турмуш тарзини ва экологик маданиятини юксалтириш, инсоннинг табиат билан уйғунда яшаши ва ҳар кунлик ҳаётий фаолиятининг атроф-муҳитга таъсирини минимал даражага тушириш учун рағбатлантирувчи тизимни жорий қилишни назарда тутмоқда.
Таклифга кўра, дарахт экадиган, жамоат транспортида ҳаракатланадиган, бир сутка давомида 10 минг ва ундан кўп қадам юрган, ортиқча вазнни камайтирган, чиқинди ташлашни, пластикдан фойдаланишни камайтирган ва шахсий автомобилини электромобилга ўзгартирган кишилар «Экофаол фуқаро» ҳисобланади.
Шу билан бирга, улар уйига қуёш панели ўрнатиши, уй фасадини энергия тежовчи материаллар билан қоплаши, электр ёритишни ҳаракатланиш датчигига ўтказиши ҳамда электр, газ ва сув таъминотини тежашга эришган бўлиши керак. Бундан ташқари, «экофаол фуқаро» бўлиш учун экология соҳасидаги жамоатчилик ишларида фаол иштирок этиш ҳам талаб этилади.
«Экофаол фуқаролар» қандай имтиёзларга эга бўлади?
«Экофаол фуқаро» мақомини олган кишилар давлат хизматларидан фойдаланишда чегирмаларга эга бўлади. Шунингдек, уларнинг истеъмол кредитлари фоиз ставкасига ҳам чегирмалар қўлланилади. «Экофаол фуқаролар»га велосипед, скутер каби экологик транспорт воситалари ҳам совға қилиниши таклиф этилмоқда.
Агар оиланинг барча аъзолари «экофаол фуқаро» мақомини олса, бу оилага «Яшил оила» мақоми берилади ҳамда ҳар йили лотерея орқали аниқланган оилаларга электромобиль совға қилинади.
Бундан ташқари, 50 фоиздан ортиқ оилалари «Яшил оила» бўлган маҳаллалар «Яшил маҳалла» мақомини олади. Яшил маҳаллаларга чиқинди йиғиш майдончаларини қуриш, ижтимоий объектларда чиқинди контейнерларини ўрнатиш, дарахтларни экиш ва суғориш, «яшил жамоат парки»ни яратиш учун зарур шароит яратилади, дейилади Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги маълумотида.
Бундан ташқари, «Яшил маҳалла»лар сони 50 фоиздан кўп бўлган шаҳарларга «Яшил шаҳар», «Яшил қишлоқ» ва «Яшил овул» мақоми берилади. Таъкидлаш жоизки, бир автомобиль йилига ўртача 4,6 тонна карбонат ангидриди газини атмосферага чиқаради. Кунига пиёда юриш натижасида эса ҳар бир одам 1,5 тоннагача ташлама ташлашининг олдини олади.
Қолаверса, бир оилада 100 м.куб табиий газ ресурслари тежалса, бу атмосферага 2 тонна карбонат ангидриди гази чиқарилмайди, дегани. «Яшил шаҳар»ларда яшил ва барқарор инфратузилмани ташкил этиш орқали эса хавфсиз ва масъулиятли туризм муҳити яратилади.
А.РУСТАМОВ, ЎзА