«Қорақалпоғистон муаллими» газетаси чоп этилди

Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг ижтимоий-сиёсий, илмий-таълим ва адабий-маданий йўналишдаги «Қорақалпоғистон муаллими» газетасининг илк сони чоп этилди.
Янгидан ташкил этилган нашрнинг биринчи саҳифаси Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазири Аманжол Аяповнинг «Парвозинг баланд бўлгай!» сарлавҳали мақоласи билан бошланади. Унда қайд этилганидек, ўтган йил матбуот ва ахборот соҳаси учун аҳамиятли бўлди. Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган фармон ва қарорлар оммавий ахборот воситалари ходимларига бўлган диққат-эътиборнинг кучайганидан далолат беради. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги «Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бунинг яққол исботидир. Қарор ижросини таъминлаш, шунингдек, кўп сонли муаллим-устозларнинг илғор тажрибаларини оммалаштириш мақсадида ушбу газетага асос солинди.
Газетанинг илк сонида шунингдек, Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси Ойсулув Тажимуратованинг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Шарап Уснатдиновнинг, академик Жуманазар Бозорбоевнинг янги нашр жамоасига тилаклари ўрин олган. Газетада қорақалпоқ, ўзбек ва рус тилларидаги мақолалар берилиб, ойига тўрт маротаба чоп этилади. Келажакда таълим соҳаси ходимларининг, барча муштарийларнинг энг севимли нашрларидан бири бўлиб қолишига ишонамиз.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА