Давлат томонидан берилаётган ижтимоий ёрдам ўз эгасига етиб боради

Пандемия ҳаётимиздаги камчиликларни, кўплаб масалаларни турмушга татбиқ этиш вақти келганини кўрсатиб берди. Эътибор бермаган, балки назаримизга ҳам илмаган муаммолар кўзгуда ўзимизни ўзимизга кўрсатди.
Ярим йилдан ошдики, коронавирус пандемияси бутун дунё кун тартибида турган долзарб масаладир. Карантин талаблари мамлакатлар иқтисодиёти ва аҳоли даромадларига ўз таъсирини ўтказди, қанчадан қанча одамлар ишсиз қолди. Ана шу жараёнда аҳолининг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ ислоҳотларни жадаллаштириш, бу борада самарали чораларни тезкорлик билан ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш энг биринчи навбатдаги масала сифатида майдонга чиқди.
Ўзбекистонда ҳам коронавирус пандемиясининг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш, карантин шароитида аҳолини қўллаб-қувватлаш асосий мавзуга айланди. Бу борада муҳим фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Жорий йил 30 июлдаги Президент фармонига мувофиқ, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича мутасадди идоралар томонидан шакллантирилган кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатлари («темир дафтар»)га киритилган ва аъзолари 1,7 миллион нафардан ортиқ бўлган 400 мингдан кўпроқ оилага республика бюджетидан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши белгиланган. Бунинг учун 200 миллиард сўм ажратилган.
Маблағлар ажратилди, лекин… Кишини ўйлантирадиган томони ҳам ана шу “лекин”дан кейин бошланади. Ушбу маблағлар ўз эгасига етиб боряптими?
Давлатимиз раҳбарининг “Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори пандемия шароитида айни муддао бўлди.
Чунки бугунги мураккаб вазиятда аҳолининг эҳтиёжманд қисмини қисқа муддатларда аниқлаш талаб этилади. Яна бир муҳим томони, эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари ўз манзилига аниқ етиб бориши, шаффоф бўлиши керак. Тизимдаги тартиб-таомилларнинг босқичма-босқич рақамлаштирилиши орқали бу натижага эришиш мумкин, албатта.
Қарорга кўра, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, аҳолининг ижтимоий жиҳатдан заиф қатламларига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдамини тақдим этишнинг ягона тизими яратилади. Яъни, шу йил 1 сентябридан бошлаб, ижтимоий нафақаларни тайинлаш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш ва уларни тайинлаш тартиб-таомиллари босқичма-босқич “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими воситасида амалга оширилади. Айтиш керакки, ушбу ахборот тизими “Электрон ҳукумат” тизимининг таркибий қисми ҳисобланади.
Моддий ёрдам олиш учун югур-югурдан чарчаб, охири қўл силтаб қўйганлар аҳоли орасида кўплаб топилади. Кимдир чиндан ҳам моддий ёрдамга ёки ижтимоий нафақага муҳтож, лекин қанча ҳаракат қилса ҳам уни ололмайди. Қайсидир оила ўзига тўқ бўлса ҳам, таниш-билишларни ишга солиб, моддий ёрдам ёки ижтимоий нафақа олувчилар рўйхатида туради. Қизиқ томони, фақат қоғозда қайд этилган маълумотлар ҳаққонийми ёки йўқми фарқи йўқ. Энг муҳими, у бор ва оила ижтимоий ҳимояга муҳтож. Амалда эса бундай эмас…
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали бундай ҳолатларга барҳам берилади. Белгиланган мезонларга мувофиқ кам таъминланган оилаларнинг эҳтиёжмандлик даражасини объектив баҳолаш, давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдамини тақдим этиш жараёнларини автоматлаштириш орқали қарорларни қабул қилишда субъектив ёндашув бартараф этилади.
Аҳолининг эҳтиёжманд тоифаси таркиби ўзгариши динамикаси мониторинги ва таҳлилини юритиш, уларни баҳолаш мезонларини республика ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштирилади. Давлат ижтимоий хизматлари ва ижтимоий ёрдам олувчиларнинг доимий янгиланиб турадиган ягона маълумот базасини шакллантирилади.
Энг муҳими, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимининг рақамлаштирилиши билан кўплаб қонунбузилиш ҳолатларининг олди олинади. Давлат томонидан берилаётган ижтимоий ёрдам ўзининг ҳақиқий эгасига етиб боради. Шу тариқа жамиятда ижтимоий адолат қарор топади.
Лазиза Шерова,
ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходими

 

ЎзА