Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида «Мактабгача таълимда замонавий ёндашув ёшлар нигоҳида» мавзусида онлайн конференция бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбир мактабгача таълим тизимига янги лойиҳаларни киритиш, болаларни қамраб олиш даражасини янада ошириш, уларда учраши мумкин бўлган нуқсонларнинг олдини олиш ва тегишли чоралар кўриш, болаларнинг жисмоний, руҳий ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришдан иборат. Шунингдек, болаларнинг сифатли таълим олишига салбий таъсир кўрсатаётган омилларни аниқлаш, тизимга чет эл тажрибаларини қўллаш, ўрганиш ва андозалар олган ҳолда соҳани ривожлантириш, амалиётда замонавий педагогик таълим ва ахборот технологияларидан фойдаланиш бўлиб ҳисобланади.
Тадбирда Нукус давлат педагогика институти Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Қ.Қодиров, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазири ўринбосари Т.Бойжонов, Ўзбекистон Республикаси болалар ижтимоий мослашуви маркази директори ўринбосари, профессор Л.Мўминова, Нукус давлат педагогика институти «Мактабгача таълим» факультети декани, педагогика фанлари номзоди М.Алламбергеновава бошқалар сўзга чиқиб, бу борада ишлаб чиқилган лойиҳаларни вазирликка тақдим этиш, мактабгача таълим ташкилотларидаги камчиликларни аниқлаш ва уларни бартараф этишга кўмаклашиш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Мактабгача таълимга инновацион ёндашув, болаларда логопедик касалликларнинг олдини олиш, дефектология соҳасини ривожлантиришнинг оптимал масалаларида ёшлар ташаббускорлигини ошириш зарурлиги қайд этилди.
Мазкур конференция талаба-ёшларни бир мақсад йўлида бирлаштиришга, уларда тизимдаги ютуқ ва камчиликларни таҳлил қилиш қобилиятини шакллантиришга, келажак авлоднинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишига ўз ҳиссасини қўша оладиган етук кадрларни тарбиялашга, уларнинг келажакда илмий ишлар билан шуғулланишида асосий омил бўлиб хизмат қилади.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА