Жанубий Кореядаги “Chonnam” университетининг докторантура босқичида илмий изланишлар қилаётган Феруз Ҳамидовга кунларнинг бирида ўз юрти — Бухородан телефон бўлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги Бухоро филиалидан уни чет элда ўқиётган ватандошлар, малакали мутахассислар ҳамда вилоятдаги тиббиёт йўналишининг раҳбар вакиллари билан бўладиган онлайн мулоқотга таклиф этишади.
У ўша учрашувда қатнашади ҳамда Ватанига қайтиб ишлаш учун берилган таклифни қабул қилади…
«Янги Ўзбекистон» газетасида эълон қилинган «Жанубий Корея университети докторанти проректор ва инвестор бўлиб Ўзбекистонга қайтди» сарлавҳали мақола ана шу воқеа тафсилоти билан бошланган. Унда айтилишича, ватандошимизга қанча маош ваъда қилингани муҳим эмас. Асосийси, унга чет элникидан кам бўлмаган шарт-шароит ҳамда моддий таъминот яратиб берилса, етади…
Сир эмас, айрим ҳудудларда марказлашган ичимлик суви таъминоти йўқлиги ҳамда ер ости манбаси мавжуд бўлмаганлиги сабабли аҳолига ичимлик суви ташиб бериш йўли билан етказилади. Лекин ичимлик суви ташувчи транспорт воситаларининг аксарият қисми санитария талабларига жавоб бермайди. Оби ҳаёт санитария талабларига зид равишда ойлаб махсус идишларда ёки ҳовузларда сақланиши ҳам бор гап.
«Халқ сўзи» газетасида эълон қилинган «Натижадорликка ҳокимлар ҳам жавоб берадиган тизим яратилади» сарлавҳали мақолада айни шундай ҳолатлар қаламга олинган. Материалда қайд этилишича, сув таъминоти ва канализация объектларини қуриш ҳамда реконструкция қилишда ҳар иккаласининг бир вақтда бажарилмаслиги учрайди. Айниқса, кўп қаватли янги уйларда сув таъминоти бўлсада, канализация тизими йўқ. Ер ости ичимлик суви шаклланадиган ҳудудларда канализация тармоғининг мавжуд эмаслиги ёки ночор ҳолда эканлиги сув захираларининг ифлосланишига олиб келмоқда…
«Маърифат» газетасининг навбатдаги сони тўлиқ она тили мавзусига бағишланган. Хусусан, «Вазирнинг баёноти, мактабларда она тили дарслари ва таълимдаги колониал мерос ҳақида» сарлавҳали материалда ёзилишича, умумтаълим мактабларида она тили дарслари қисқартирилиши ҳақидаги Халқ таълими вазирининг баёноти ижтимоий тармоқларда ҳамон муҳокама қилинмоқда. Кўпчилик қисқартиришга қарши. Тилшунос Элдор Асановнинг ҳам бу масалада ўзига хос қарашлари бор: «Мактабда грамматика ўтилгани боис »ҳамма томон саводсизлик бўлиб кетди«, деяпти вазир. Бу ерда қандай мантиқий боғ борлигини англамадим: грамматиканинг ўқитилиши саводсизликка сабаб бўлиши мумкинми? Балки гап методиканинг самарасизлиги ҳақидадир?»
«Аслида таълимдаги энг катта муаммолар тизимли характерга эга. Улар дарс соатларини қисқартириш, кўпайтириш каби қадамлар билан ҳал бўлиб қолмайди». «Вазирнинг гапларидан мутахассисилик муаммоси ўткирлиги англашилади: у ташаббусни асослашга уринмоқда, аммо жиддий аргументлар айта олмаяпти, ташаббуси кераклигига ва самара беришига бирор далил келтира олмаяпти».
«Маошимиз ошдию, аммо…» сарлавҳали мақолада ҳам Амударё туманидаги 37-мактаб ўқитувчиси Хосият Жумабоева юқоридаги мавзуни давом эттирар экан, «Она тили дарслари қисқартирилишининг асл сабабига тушунмадим. Тахминимча, мақсад — давлат бюджетини тежаш ва тежалган маблағни бошқа ислоҳотга йўналтириш. Аммо бу тежаш асрлар давомида сайқалланиб ва эъзозланиб келинаётган она тилимизни ўрганиш соатларини озайтириш ҳисобга бўлиши керакмиди?!. »
«Овози тожик» газетасида таниқли адабиётшунос ва таржимон Султонмурод Олимнинг 2020 йилда Бухоро «Ислом маданияти пойтахти» деб эълон қилингани муносабати билан материали чоп этилган. У эссе жанрида ёзилган бўлиб, Абу Абдуллоҳ Рўдакий машҳур қасидасининг ўзбек тилига қилинган таржималари таҳлилига бағишланган.
* * *
Янги рукн ва бугунги шарҳ ҳақидаги фикр, таклиф ва истакларингизни pochta@uza.uz манзилида кутиб қоламиз.
ЎзА