ҚАБУЛ-2020: рақамлар, саволлар ва муҳим маълумотлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Давлат тест маркази мутасаддилари иштирокида 2020/2021 ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш якунларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Таъкидланганидек, бу йил Ўзбекистон бўйича 91 олий таълим муассасаcида ўқиш учун 1 миллион 484 минг 85 абитуриент ҳужжат топширган (2019 йилда 1 миллион 66 минг 926). Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 417 минг 159 нафарга ёки 39,1 фоизга кўп. Шундан, 2019/2020 ўқув йили битирувчилари 536 минг 144 нафарни ташкил этди.
Танлов кўрсаткичи ўртача бир ўринга 10,57 абитуриент иштирокига тўғри келади. Энг ёш абитуриент 13 ёш, энг ёши катта талабгор эса 95 ёшда.
– Маълумки, 1 августга қадар карантин чекловлари белгиланган, – деди ДТМ бошқарма бошлиғи Барно Ражабов. – Карантин чекловлари бекор қилингандан кейин кириш имтиҳонларини ўтказиш режалаштирилган. Яъни чекловлар 15 августда бекор қилинса, 15 августдан кейин, агар карантин чекловлари 1 сентябргача давом этадиган бўлса, унда тест синовлари сентябрь ойида ўтказилади. Имтиҳонлар ўтказиладиган жойлар ҳали тасдиқланмаган.
Маълум қилинишича, тест синовлари куни аниқ бўлмагани сабабли, рухсатномаларни олиш санаси ҳам номаълумлигича қолмоқда. Имтиҳонлар куни маълум бўлгач, абитуриентлар телефонига хабарнома юборилади.
Биринчи танланган таълим йўналишига нисбатан энг кўп Андижон тиббиёт институти (1 ўринга 27,81 номзод), Тошкент давлат юридик университети (1 ўринга 24,35 номзод), Тошкент тиббиёт академияси (1 ўринга 24,2 номзод), Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиали (1 ўринга 22,58 номозод) ва Навоий давлат кончилик институти (1 ўринга 19,5 номзод) бўлган.
Абитуриентлар Самарқанд давлат университетининг «Бошланғич таълим ва спорт-тарбиявий иш» таълим йўналиши сиртқи таълим шакли ўзбек гуруҳига энг кўп рўйхатдан ўтказилди – 9013 нафар.
Давлат тест маркази директори ўринбосари Сардор Ражабовнинг маълум қилишича, абитуриентлар томонидан 8660 ҳужжат чет тили сертификати сифатида дастурга киритилган. Буларнинг барчаси Давлат тест маркази томонидан текширилди ва 8079 сертификат ўз тасдиғини топди. 581 сертификат эса талабга жавоб бермаслиги аниқланди. Хусусан, 200 сертификатда тилни билиш даражаси B2 дан паст экани, 117 сертификат миллий ёки халқаро имтиҳон тизимларидан олинмагани, бунда ўқув марказлари томонидан берилган ёки халқаро бўлмаган сертификатлар бўлгани, 69 сертификатда амал қилиш муддати тугагани, 7 ҳолатда сертификатларнинг ҳақиқий эмаслиги, 9 тасида сертификат бошқа шахсга тегишли экани аниқланди.
Анжуманда абитуриентда COVID-19 аниқланса, имтиҳонга қўйилмаса, унга тўлаган пули қайтариб бериладими, деган савол билан мурожаат қилинди. Таъкидланишича, агар абитуриент стационар даволанишда бўлса ва тестда иштирок эта олмаса, у кейинги йил тест синовларида қатнашиши мумкин. Лекин пули қайтариб берилмайди.
ЎзА