МАХСУС ТАҲЛИЛНОМА
Лондонда асосланган Ташқи сиёсат маркази шу кунларда Ўзбекистон ҳақида махсус таҳлилнома чоп этди. «Spotlight on Uzbekistan» (Ўзбекистонга яқиндан назар) дея номланган нашр 161 бетдан иборат бўлиб, 15 нафар муаллифнинг мақолаларини ўз ичига олади.
Лойиҳа раҳбари ва бош муҳаррир Адам Хаг хулосани шундай баён этади: «Ўзбекистондаги ислоҳотлар реал, лекин очиқ иқтисодиёт, плюрал сиёсат ва эркин жамиятга айланиш учун Ўзбекистон ҳали кўпдан-кўп, салмоқли қадамлар ташлаши зарур».
Хагни қизиқтирган саволлар: «Президент Шавкат Мирзиёев ҳозирги ислоҳотлар билан тузумни замонавийлаштирмоқчими ёки Ўзбекистонни янги демократик босқичга олиб кириб, систематик бурилишлар томон етакламоқчими?» Бу савол Ғарбда илк бор янграётгани йўқ. АҚШ ва Европадаги «ақл марказ»лари Мирзиёев ва унинг маъмуриятига ислоҳотлар бошланганидан бери шундай саволлар бериб келади.
Хаг дейдики, унинг ташкилоти чиқарган таҳлилнома қатор ютуқларни эътироф этади, жумладан, бугунги Ўзбекистонда сиёсий-иқтисодий майдон кенгайган, давлатнинг фуқаро ҳаёти устидан назорати сал бўлсада пасайган, сўз ва матбуот эркинлиги бобида мамлакат олдинга силжиган, фаоллар овози баландлашган, ҳар бир соҳа эгасининг роли ошган ва жамиятда долзарб масалалар муҳокамаси ҳозирда кенгроқ тус олган, хусусан оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда. «Ўзбекистон ичкаридан очила бошлагани уни дунёга ҳам кенгроқ очди ва бу давлатга эътиборни оширди», дейди Хаг.
«Америка Овози» экспертга қатор саволлар билан мурожаат қилди.
– Бу таҳлилнома нега айнан ҳозир чиқди?
Адам Хаг: – Ўзбекистон мени азалдан ўзига тортиб келган ва унга яқиндан таҳлилий назар ташлашни хоҳлаб келганман. Марказий Осиёни ўрганишни бошлаганимдаёқ бир кун шундай имконият бўлади, дея умид қилган эдим. Ҳозир биласиз, халқаро майдонда янгилик асосан салбий. Ўзбекистонда эса 2016 йилдан бери анча ижобий ўзгаришлар бўлди. Шунинг учун уларга яқинроқ ва чуқурроқ қараб, ҳақиқатда нима ўзгарди, нима ўзгармади, ҳукуматнинг айтаётганлари қанчалик рост ва умуман, бу давлатдаги ҳозирги муҳим жараёнлар нимадан иборат, дея изландик.
– Мавзуларни ва муаллифларни қай асосда танладингиз?
Адам Хаг: – Биз бу нашр мавзу ва таҳлилий жиҳатдан бой ва серқирра бўлишини истадик. Кўплаб экспертлар билан гаплашдик, халқаро майдондаги ҳамда Ўзбекистондаги. Кимлар қай масалани қанчалик ўрганганига эътибор бердик.
Бугунги Ўзбекистондаги долзарб масалаларни ёритиб келаётганларни жалб қилдик. Аммо биз бу нашрда олиб чиққан мавзулардан ҳам кўпроқ масалалар бор ва уларни ҳам ўрганишимиз керак. Бу таҳлилнома асосан марказий ҳукумат, иқтисод ва маҳаллий тизимлардаги ўзгаришлар ва муаммоларни акс эттиради.
Демократия бобида нимага эришилгани ва эришилмагани; қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш; қийноқларга қарши кураш; ноҳукумат ташкилотлар ва фуқаро жамияти тараққиёти ҳамда хотин-қизлар эркинлиги, шунингдек, озчиликдаги гуруҳлар ҳақ-ҳуқуқлари борасида ҳам ёзилган.
Таҳлилномамизда Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга қарши кураш қай нуқтада экани, ўзбек пахтасига нисбатан халқаро бойкот бекор қилиниши учун қандай қадамлар ташлаш зарурлиги хусусида ҳам тўхталамиз.
Тизим бугун қанчалик ошкора ва масъулиятли экани ва эмаслигига, коррупцияга қарши кураш қандай кетаётганига, тараққиёт лойиҳаларини амалга оширишда фуқаро овози ва дарди қанчалик ҳисобга олинаётгани ва олинмаётганига ҳам назар ташладик.
Ўзбекистон дипломатияси, хусусан, Москва, Пекин ва Вашингтон сингари йирик томонлар билан муносабатлар қай тарзда кетаётганини ҳам таҳлил қилдик.
– Демак, сизнингча, ҳозир Ўзбекистон қай босқичда?
Адам Хаг: – Ҳар бир мақолада ўзига хос хулосани кўрасиз ва тавсиялар берилган. Менинг хулосам шуки, ислоҳотлар Ўзбекистонда реал, бироқ Президент Мирзиёевнинг ўзи айтганидек, очиқ иқтисодиёт, турли фикр-қарашларни ўз ичига олган сиёсий майдон ва шу тариқа эркин жамият қуриш учун ҳали жуда кўп ишлар қилиниши керак. Ҳозирги ислоҳотлар авторитар тизимни модернизация қилишдан нарига ўтадими? Кўрамиз.
Ҳозиргача эришилган ютуқларга қараб айтиш мумкинки, жамият олдингига қараганда эркинроқ. Конструктив танқидга тоқат қилинмоқда ва ҳукумат фуқаро билан ҳисоблашишга ҳаракат қилаётгандек. Лекин тегилмаётган масалалар ҳамон талай. Иқтисоднинг катта улуши раҳбариятга яқин томонлар қўлида экани, систематик шаффофлик етишмаслиги, коррупция – булар Ўзбекистонга нисбатан охирги йилларда кучайган ижобий эътибор қаторида катта саволлар ҳам туғдиради.
CОВИД-19 пандемияси вазиятни шубҳасиз янаям мураккаблаштириб, тизимдаги нуқсон ва туб муаммоларни янада ойдинлаштирди.
Ислоҳотларда яна бир омилни, йўналишни, четга суриб бўлмайди. Аввалги давридаги ҳақсизлик ва адолатсизликлар қачондир очиқ муҳокамага чиқиши керак. Халқ янги даврга ўтиши учун яқин ўтмишдаги муаммолар ва хатолар ижтимоий-сиёсий таҳлил қилиниши керак бўлади. Жабр кўрганларнинг дардини тинглаш, адолатни таъминлаш ва келажакда бундай муаммоларнинг олдини олиш – таҳлилномамизда бу мавзу ҳам ёритилган.
ЎзА