Бугунги синовли кунларда ижтимоий ҳимояга муҳтож, бемор ва ногиронлиги бўлган оилаларга бир бошдан қорамол ҳадя қилиш орқали уларга саховат кўрсатилмоқда. Камбағал ҳамда ногиронлиги бор оила туман раҳбарининг инсонпарварлик ёрдамидан баҳраманд бўлди.
Бутун дунёда кечаётган оғир пандемия юртимиз аҳолиси учун ҳам катта синов даври бўлмоқда. Бундай шароитда юзага келиши мумкин бўлган инқирозли ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан барча соҳалар ва тармоқлар, тадбиркорлик субъектларига кафолатланган имтиёзлар берилди. Аҳолининг ишсиз, ёрдамга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш ҳар қачонгидан муҳим аҳамият касб этмоқда.
Сигири бор уйда барака бўлади, унинг сути, ёғи, қатиғи оилага зарур. Рўзғордан ортгани сотилса, оила бюджетига фойда. Оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида сигир олган ҳар бир хонадон уй бекасига меҳнат дафтарчаси очилади.
–Кам таъминланган оилаларга мурувват кўрсатиш халқимизга хос эзгу фазилат, –дейди Бахтиёр Саломов. –Оилавий шароитимиз инобатга олиниб, бизга ҳам бир бош соғин сигир берилганидан хурсандмиз.
Туманда эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, даромад топишларига кўмаклашишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, кўплаб оилаларга имтиёзли кредитлар ажратилиши натижасида улар турли йўналишларда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди.
Шунингдек, 1-сектор ҳудудида жами 20 та оилага ҳомийлар томонидан парранда ва қуён етказиб берилди.