Коронавирусни даволашда гидроксихлорохиндан фойдаланиш хавфли экан

Бразилия инфектология жамияти COVID-19 ни даволашда гидроксихлорохиндан фойдаланмасликка чақирмоқда. Ташкилотнинг тарқатган хабарида айтилишича, коронавирусга чалинган Бразилия президенти Жаир Болсонару ҳозир айнан ушбу препаратни қабул қилмоқда.
“COVID-19 ни даволашда қўлланилаётган гидроксихлорохин зудлик билан фойдаланишдан олиб ташланиши керак”, — дейилади баёнотда.
Олимлар мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлигини коронавирусга чалинган беморларни даволаш сиёсатини қайта кўриб чиқишга чақирди. Улар давлат маблағларини самара бермайдиган ва кейинчалик инсонлар соғлиғига зиён келтирадиган препаратларга сарфламаслик кераклигини таъкидламоқда.
Ҳозирда Болсонару касалимни даволашда ёрдам беряпти, деб гидроксихлорохинни қабул қилмоқда. Холбуки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) гидроксихлорохинни COVID-19га қарши курашда ишлатиладиган дорилар сафидан олиб ташлаган. Июнь ойи бошларида Оксфорд университети олимлари ҳам ушбу препарат коронавирусни даволашга ёрдам беришини тасдиқлайдиган ҳеч бир далилни топиша олмаганини маълум қилган эди. Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, гидроксихлорохинни қабул қилган беморларнинг 25,7 фоизи 28 кун ичида вафот этган. Уни қабул қилмаган беморларнинг эса 23,5 фоизи вафот этган.
АҚШ Соғлиқни сақлаш миллий институти (NIH) ҳам коронавирусни даволашда ишлатиладиган дорилар сифатида гидроксихлорохиннинг клиник синовини тўхтатиб қўйган эди.

 

ЎзА