ДОЛЗАРБ САВОЛГА АНИҚ ЖАВОБ: Автомашина сотилса стикер-рухсатномасига ким ўзгартириш киритади?

Савол: Стикер-рухсатнома берилган автомашина алмашганда (сотилганда, носоз ёки яроқсиз ҳолга келиб қолганда ва ҳоказо) стикер-рухсатномада қайд этилган автотранспорт воситаси русуми ва давлат рақами ёзувларига ким томонидан ўзгартириш киритилади?
Санжар АБДУЛЛАЕВ, Давлат хизматлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи:
— Ўзбекистон Республикасига коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси қарорига асосан 10 июлдан 1 августга қадар мамлакат миқёсида автотранспорт воситаларининг ҳаракати қайта чекланди.
Бунда, автотранспорт воситалари ҳаракатланиши учун илгари берилган махсус рухсатномалар (стикер) карантин чекловлари амал қилиш даврида қўлланилиши белгиланди.
Давлат хизматлари марказлари томонидан махсус рухсатномалар бериш Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 30 мартдаги йиғилиш баёни билан тасдиқланган тартибга асосан амалга оширилади.
Тартибда махсус рухсатнома берилган автотранспорт воситаси ўзгариши муносабати билан уларни қайта расмийлаштириш назарда тутилмаган.
Бундан ташқари, Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 8 апрелдаги йиғилиш баёнига асосан автотранспорт воситаларига махсус рухсатнома бериш 9 апрелдан тўхтатилган.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, ҳар бир голограммали махсус рухсатнома Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали алоҳида уникал рақам билан расмийлаштирилган ва унга киритилган маълумотларга Давлат хизматлари марказлари томонидан ўзгартириш киритишнинг техник имконияти мавжуд эмас.

 

ЎзА