Сума Чакрабарти 2012 йил июлдан 2020 йил июлгача Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти лавозимини бошқарган Буюк британиялик давлат хизматчиси ҳисобланади. У мамлакат амалдорлари орасида энг юқори рейтингга эга бўлган хизматчи, десак янглишмаган бўламиз.С.Чакрабарти 1959 йили Ҳиндистоннинг Ғарбий Бенгалияга қарашли Жалпайгури шаҳрида туғилган. Аввал Лондон сити мактаби, кейин Оксфорддаги Янги коллеж, Сассекс университетларида таҳсил олган. Ўқишни тамомлаб, Буюк Британияни халқаро ривожлантириш бошқармасида иш бошлаган. 1980-йилларда Британия ҳукумати томонидан Халқаро валюта фонди ва Жаҳон банкига жўнатилган.
Лондонга қайтганидан кейин Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги хориж билан алоқаларни ривожлантириш бўйича давлат вазирига шахсий котиб бўлиб ишга кирди. Кейинчалик Бош вазир Тони Блэр ҳукуматида ишлаб чиқариш ва инновациялар масалалари бўйича янги марказий бўлинмани ташкил этишга масъул этиб тайинланди. Бир муддат Қироллик ғазнасида ҳам фаолият кўрсатди.
2007 йилдан 2012 йилгача Буюк Британия адлия вазирлигида доимий котиб бўлиб ишлади. Қайси лавозимда бўлмасин, сэр Сума Чакрабартининг ҳалол ишлагани экспертлар томонидан эътироф этилади.
Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) президенти Сума Чакрабарти Ўзбекистон билан муносабатларни доим қадрлаган. Унинг мазкур лавозимда Ўзбекистонга икки маротаба ташриф билан келгани буни тасдиқлайди.
Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳар доим ўз фаолиятида ҳамкорлик ўрнатмоқчи бўлган давлатнинг салоҳияти, демократик қадриятларга садоқати ва ўтказилаётган ислоҳотлари изчиллигига эътибор қаратади. Айнан Чакрабарти бошчилигидаги делегация 10 йиллик танаффусдан сўнг 2017 йил март ойида Ўзбекистонга ташриф буюрганини таъкидламоқ жоиз. Чунки айнан 2016 йил охири, 2017 йил бошларидан Ўзбекистонда “ислоҳотлар шабадаси” эса бошлади.
Ташриф доирасида ЕТТБ делегацияси Ўзбекистон билан алоқаларини кенгайтириш йўлларини кўриб чиқиш учун мамлакат раҳбари билан музокаралар ўтказди. Тўғри банк мамлакатда 1993 йилдан бери ишлар ва сармоялар портфелига эга эди, лекин 2010 йилдан кейин айрим сабабларга кўра, янги операциялар ўтказилмаган.
Бироқ, янги Ўзбекистоннинг янги ислоҳотлари мамлакатимизга бўлган ишончни қайтарди. Оз муддат давом этган «танаффус»га барҳам берилди. 2017-2018 йилларда Ўзбекистон раҳбарияти ва ЕТТБ ўртасидаги муҳокамалар асосан Ўзбекистон иқтисодиётининг ишбилармонлик ва рақобатбардошликни ривожлантириш борасидаги имкониятларини ўрганиш, бу соҳада сармоя ва технологияларни жалб қилиш кабиларга қаратилди. Шунингдек, маслаҳат хизматлари, кичик ва ўрта бизнес, яшил энергия ва энергия самарадорликни оширишга, минтақада қазилма бойликлар қазиб олишга доир лойиҳаларни молиялаштириш, чегараолди савдосини ривожлантириш каби йўналишлар бўйича ҳамкорликдан ўзаро манфаатдорлик мавжудлиги аён бўлди.
“Ўзбекистон Марказий Осиёнинг минтақавий ҳамкорлик ва иқтисодий тараққиёт муваффақияти учун муҳим мамлакатдир. Айни пайтда банкнинг бу ердаги сармоялар портфели унча катта эмас. Лекин биз бир қатор истиқболли йўналишларни кўрмоқдамиз. Булар орасида минтақавий ҳамкорлик, маслаҳат хизматлари, кичик корхоналарни молиялаштириш, яшил энергия кабилар бор”, – деган эди Сума Чакрабарти 2018 йил мамлакатимизга ташрифи олдидан.
2017 йил март ойида Тошкентда бўлиб ўтган учрашувдан кейин томонлар биргаликда кенг кўламли ишларни амалга ошириб, дастлабки аниқ натижаларга эришди. Сума Чакрабарти Ўзбекистонда давлат ва жамият қурилиши соҳасида янги босқичда амалга оширилаётган, мамлакатнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини оширишга, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи юксалишига хизмат қилаётган ислоҳот ва ўзгаришларни, иқтисодиётдаги либераллаштириш жараёнларини юқори баҳолади. ЕТТБ раҳбари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўзаро манфаатли ва самарали минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлашга қаратилган ташаббуслари муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, уларни қатъий қўллаб-қувватлашини билдирди.
ЕТТБнинг молиявий инвестициялари, бизнес хизматлари ва маслаҳатлари мамлакатимизда тизимли ислоҳотларни олиб бориш ва халқимиз ҳаётини яхшилашга хизмат қилмоқда. ЕТТБ президенти Сума Чакрабартининг ҳиссаси туфайли самарали ҳамкорлик йўлга қўйилди. Айнан унинг фаолияти давомида Ўзбекистон билан ЕТТБ ўртасидаги самарали ҳамкорликни интенсификациялаш бошланди, ўзаро манфаатли алоқалар ривожланишнинг янги босқичига кўтарилди. Ҳамкорлик йиллари давомида банк томонидан мамлакатимизда иқтисодиётнинг турли тармоқларида 78 та лойиҳани молиялаштириш маъқулланди, инвестициялар ва кредитларнинг умумий миқдори 1,85 миллиард еврони ташкил этди.
Сума Чакрабратининг ЕТТБга аъзо ривожланаётган давлатлар олдидаги хизматлари беқиёс. У Ўзбекистоннинг турли соҳалардаги, жумладан, иқтисодиёт, саноат, ижтимоий сиёсатдаги ташаббусларини фаол қўллаб-қувватлади. Рақамлар ўрнатилган ҳамкорликнинг самарадорлигини яққол намойиш этади. Хусусан, айни пайтда банк мамлакатимизда умумий қиймати 1,18 миллиард еврога тенг 36 та лойиҳани амалга оширишда бевосита иштирок этмоқда. Улар асосан, энергетика, уй-жой, коммунал хизмат кўрсатиш, банк сектори ва тадбиркорликни ривожлантириш соҳаларини қамраб олган.
Ушбу ташаббуслар доирасида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида қаттиқ маиший чиқинди майдонларини рекультивация қилиш ва ташкил этиш, Самарқандда энергия самарадор арзон уй-жойлар қуриш, Сурхондарё ва Наманган вилоятларининг сув таъминотини, Хоразм вилоятида минтақавий йўлларни яхшилаш, жисмонан ва маънан эскирган насос станцияларини модернизация қилиш ва алмаштириш ҳамда Тошкент вилоятида гидро лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилган.
Айни пайтда 2018 йилда қабул қилинган ЕТТБнинг 2018-2023 йиллар учун Ўзбекистондаги фаолияти стратегияси ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Сума Чакрабарти Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзаро манфаатли ва самарали минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш, Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва ривожланишни таъминлашга қаратилган ислоҳотларнинг муҳим эканини кўп бор таъкидлаган ва банк улкан ўзгаришларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканини тасдиқлаб келган. Чакрабарти жанобларининг ҳамкорликка қўшган ҳиссаси юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш, янги-янги иш ўринлари яратилишига, сув ва энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги ошишига, йўл ва турар жойлар қурилишининг кенгайишига, умуман, юртимиз тараққиётига хизмат қилмоқда.