Ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган фуқаро қутқарилди

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчилари томонидан жорий йил 13 июль куни ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган фуқаро қутқариб қолинди.
Бу ҳақда Миллий гвардия Ахборот хизмати маълум қилди.
Карантин даврида хизмат вазифасини бажараётган ҳарбий хизматчилар Нукус шаҳри марказидаги темир йўл ва автотранспорт йўли устидан ўтувчи катта кўприкка ўзини осишга уринаётган фуқарони кўриб қолади. Миллий гвардия ходимларининг тезкор ҳаракати натижасида инсон ҳаёти сақлаб қолинди. Ўрганиш жараёнида, ушбу фуқаро Нукус шаҳрида яшовчи 1977 йил туғилган Д.И. эканлиги аниқланиб, оилавий муаммолар сабаб ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган экан. Тушунтириш ишлари олиб борилгандан сўнг, Д.И. профилактик суҳбат ўтказиш учун Ички ишлар бўлимига олиб келинди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА