Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов Таиланд Қироллиги Ташқи ишлар вазири ўринбосари Вижават Исарабакди билан видеоконференцалоқа шаклида мулоқот қилди.
Суҳбат чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги Ўзбекистон – Таиланд муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва устувор йўналишлари муҳокама қилинди.
Томонларнинг турли даражадаги сиёсий мулоқотни кенгайтиришга тайёрлиги билдирилди. Шу муносабат билан бўлажак қўшма тадбирларни, жумладан Ўзбекистон ва Таиланд ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги босқичини ўтказиш жадвали кўриб чиқилди.
Савдо-иқтисодий ва инвестиция алоқаларини ривожлантириш ҳар икки мамлакат учун муҳим аҳамиятга эгалиги қайд этилди, ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш механизмлари кўриб чиқилди.
ТИВ раҳбарлари ўринбосарлари халқаро ташкилотлар ва тузилмалар доирасидаги ўзаро муносабатлар ижобий ўсиш суръатини, халқаро кун тартибига доир қатор масалалар бўйича мавқелар ўхшашлигини мамнуният билан қайд этдилар.
Музокара давомида томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
ЎзА