Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Миллий банк билан ҳамкорликда таълим кредитлари ажратади

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан Миллий банк раҳбарияти ҳамкорликда янги усулни қўлламоқда. Унга кўра, давлат гранти, корхоналар гранти ва контракт бўйича 600 га яқин талабалар бакалавр ва магистр даражаларига қабул қилинади. Банк-молия академиясига иқтидорли талабалар учун кўп босқичли рақобатдош танлов бошлаган. Бу ҳақида Банк-молия академияси ахборот хизмати хабар бермоқда.
Шунингдек, банк-молия академияси иккита янги мутахассислик киритганини маълум қилган. Улар – рақамли банк иши ва рақамли молиядир.
Абитуриентлар ўз билим ва кўникмаларини намоён этиб, кадрлар буюртмачилари таклиф қилаётган ютуқларни – ишга таклиф, грант, стипендиялар ёки имтиёзли таълим кредитларини соҳиби бўлишлари ҳамда Банк-молия академияси талабаларига айланишлари мумкин.
Йирик банклар, корхоналар ва ташкилотлар томонидан тақдим этилган ютуқларни қўлга киритиш учун, танлов жараёнида талабгорлар жамоада ишлашни, нотиқлик маҳорати, тақдимот кўникмалари, таҳлил ва синтез қилиш қобилиятларни намоён этишлари керак, дейилади академия хабарида.
Коронавирус пандемияси туфайли танлов тўлиқ масофавий ўтказилиб, онлайн шаклда ташкил қилинмоқда.

 

ЎзА