«Соҳа ифтихори» кўкрак нишони таъсис этилди​

Ўзбекистон Республикаси «Ўзархив» агентлигининг «Соҳа ифтихори» кўкрак нишони таъсис этилди. Бу ҳақда мазкур агентликнинг ахборот хизмати маълум қилди.
«Ўзархив» агентлигининг «Соҳа ифтихори» кўкрак нишони билан «Ўзархив» агентлиги марказий аппарати, ҳудудий бошқармалари, миллий архивлар, давлат архивларида ва бошқа идораларда фаолият юритаётган, соҳа ривожи, тараққиётига ўзининг сезиларли ҳиссасини қўшган, «Устоз-шогирд» анъаналарини йўлга қўйишга жонбозлик кўрсатиб, асосий устозлик вазифасини бир неча йиллардан буён адо этиб келаётган ходимлар тақдирланади.
Шунингдек, жамиятимизда ушбу соҳанинг ўрни ва ролини кучайтириш, халқаро алоқаларни ўрнатилган тартибда йўлга қўйиш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, кенг қамровли тадбирларни амалга ошириш ишларига ҳисса қўшиб келаётган, соҳада ўзидан муносиб из қолдираётган ходимлар ҳам тақдирланиши кўзланган.
Кўкрак нишонининг олд томони марказидан глобус жой олган бўлиб, пастки қисмида қўлларда очиқ ҳолатдаги китоб оқ рангда, ундан юқори қисмида одам боши, ундан юқори қисмида «Ўзархив» агентлиги логотипи зарҳал рангда тасвирланган. Кўкрак нишонининг четки ён томонларида халқимиз фаровонлиги ва ризқ-рўзи рамзи бўлган тимсоллари буғдой бошоқлари зарҳал рангда тасвирланган.

 

ЎзА