Қозоғистон Сенатининг экс-спикери, Миллат йўлбошчиси Нурсултон Назарбоевнинг тўнғич қизи Дариға Назарбоева отасининг фондига раҳбарлик қиладиган бўлди. Куни кеча у фонд директори сифатида пойтахтдаги коворкинг марказ очилишида иштирок этди.
«Нурсултон Назарбоев фонди директори Дариға Назарбоева «Ҳамкорлик» коворкинг марказининг очилиш маросимида иштирок этди», — дейилади Нур-Султон шаҳри ҳокимияти сайтида.
Мазкур марказни шаҳар маъмурияти билан Назарбоев фонди биргаликда ташкил этди. Бу ерда кўп болали аёллар, ёлғиз оналар, алоҳида парваришга муҳтож болаларни тарбиялаётган аёллар, кам таъминланган фуқаролар ва оғир маиший шароитда яшаётган болалар, ногиронлар ўқитилади.
«Назарбоева марказнинг моддий-техника базаси билан танишиб, хоналарни кўздан кечирди», дейилади хабарда.
Мазкур марказ барча йўналишда ўқув курсларини ташкил этади. Озиқ-овқат ишлаб чиқариш, ахборот технологияси, гузаллик саноати, тикувчилик, кигиз тайёрлаш ишлари, медиа соҳалари шулар жумласидандир. Марказда ҳар йили 1 800 нафар аёл ўқитилади. Ўқув курсларининг давомийлиги бир ойдан уч ойгача бўлган муддатни ўз ичига олган.
Марказ ходимларининг айтишича, курсларни тамомлаган аёллар ўзларининг бизнесини очиш имкониятига эга бўлади. Бунинг учун улар «Меҳнат» давлат дастури бўйича 505 минг тенге миқдорида грант олиши мумкин.
Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев шу йил май ойи бошида Назарбоеванинг Сенатдаги раислик ваколатини тўхтатган эди. Шундан буён Эл бошининг қизи ҳақида ҳеч нарса айтилмаётганди. унинг истеъфоси сабаблари ҳақида ҳам расман ҳеч нарса дейилмаган.
ЎзА