Бугун профессионал таълим муассасаларида ўқиган ёшлар аниқ иш ўрнига, ўз касби бўйича зарур илмга, кўникмага эга бўлиши керак. Шу мақсадда янги тизимнинг асосий принципи – аввал иш ўрни аниқ бўлади, иш берувчи ўзининг малака талабларини, шу касбнинг илмини, ўқитиш технологиясини беради, шундан кейингина мутахассис тайёрланади.
Шундан келиб чиқиб, касб-ҳунар таълими тизимида таълим шакли ҳам, мазмуни ҳам, принциплар ҳам мутлақо ўзгарди.
Эндиликда аввалги 3 йиллик таълим стандартидан тўлиқ воз кечиб, табақалаштирилган таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Жумладан, касб-ҳунар мактаблари 2 йиллик таълим дастурлари асосида, кундузги таълим шаклида ёшларнинг профессионал таълим олишини таъминлайди.
Касб-ҳунар мактабларига 9-синф битирувчиларини кичик бизнес ва тадбиркорлик, оилавий бизнес, томорқа бизнеси, қурилиш, хизмат кўрсатиш, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, балиқчилик каби соҳаларга қамраб олиш режалаштирилган.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги маълумотига кўра, касб-ҳунар мактабларига ҳужжатларни онлайн қабул қилиш 5 июлдан бошланди. Қабул онлайн тарзда kasb.edu.uz электрон платформаси орқали 20 июлга қадар амалга оширилади.
Ҳужжат топшириш учун ариза, шаҳодатнома ва 3×4 ўлчамли фотосурат керак бўлади.
Профессионал таълим муассасаларига қабул жараёни бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида 71-246-11-92 рақамли “Call center” ташкил этилган.
ЎзА