Танзила Норбоева: Маҳаллий ижро органи раҳбарлари «хўп бўлади» дейдиган ходимларни кўча супуртиришга ўрганиб қолишган

Пойтахтимизда Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг видеоконференсалоқа тарзида мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Мажлисда комиссия раиси Т.Норбоева ушбу йўналишда ҳал этилиши лозим бўлган айрим муаммоларга ҳам урғу берди.
– Бугунги кунда айрим маҳаллий ҳокимликлар, вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг қуйи тузилмалари раҳбарлари томонидан ходимларни ўз функционал вазифаларига кирмайдиган меҳнат турларига мажбурий жалб қилиш ҳолатлари учрамоқда. 2019 йилда пахта йиғим-терими мавсуми давомида ўтказилган мониторинг ишларида мудофаа, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар вазирликлари хизматчилари ва ҳарбий билим юрти курсантлари мажбурий тарзда пахта йиғим-теримига жалб этилгани ҳолатлари кузатилди.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан ўтказилган миллий мониторинг жараёнида ҳам 47 ҳолатда 3 минг 895 нафар шахслар пахта йиғим-теримига мажбурий жалб этилгани аниқланган. Шундан 700 нафари ҳарбий хизматчилардир. Бу борада шунча кўрилаётган чораларга қарамай, маҳаллий ижро органи раҳбарлари томонидан айрим ташкилотлар ходимларини ободонлаштириш ишларига жалб қилиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. 2019 йилда мажбурий меҳнатга жалб қилиш бўйича 259 та ҳолат қайд этилган бўлса, уларнинг 112 таси бевосита ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларига мажбурий жалб этиш билан боғлиқ.
Шундан энг кўп ҳолатлар Самарқанд вилоятида 16 та, Қашқадарё вилоятида 12 та ва Бухоро вилоятида 10 та қайд этилган. Жорий йилнинг 5 ойи давомида ҳам 28 шу каби ҳолатлар аниқланди.
Буларнинг ҳаммаси олдинги даврдан қолиб кетган ишлар. Илгари ободонлаштириш ишларига давлат томонидан маблағ ажратилмасди. Дарахт экиш, дарахт оқлаш, кўчаларни тозалаш учун пул берилмасди. Ҳозир бунинг учун жамоатчилик фонди ташкил этилган. Лекин бари бир ўқитувчи, тиббиёт ёки бошқа ходимлар олиб чиқиляпти. Чунки жамоатчиликнинг ишсиз вакилларини ишга таклиф қилиш учун юриш керак, маҳалладан аниқлаш керак. Бу эса меҳнатни талаб қилади, шу меҳнатдан қочиб, тайёр, «хўп бўлади» дейдиган ходимларни кўча супуртиришга ўрганиб қолишган. Бундан мутлақо воз кечиш керак. Биз ҳозир қонунлар устуворлиги замонасида яшаяпмиз. Пул берилмаётган бўлса ҳам майли эди, ҳозир давлат раҳбари пул беряпти, жамғарма доимий равишда давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириляпти. Ҳозир маблағ, шароит нуқтаи назардан муаммо йўқ, фақатгина ташкиллаштириш керак холос.
2019 йилда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар 2018 йилга нисбатан камайган бўлсада, бу йўналишда содир этилган умумий жиноятлар орасида чақалоқ савдоси билан боғлиқ жиноятлар юқорилигича қолмоқда. Хусусан, 2018 йилда содир этилган одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг 38 фоизини чақалоқ савдоси ташкил этган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 43 фоизга етган.
Чақалоқ савдоси билан боғлиқ жиноятлар Сирдарё, Хоразм вилоятида 5тадан, Тошкент, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида ва Тошкент шаҳрида 4тадан, Самарқанд, Фарғона, Наманган, Андижон, Навоий вилоятларида 3тадан содир этилган.
Чақалоқни сотиш сабаблари ўрганилганда 19та ҳолатда оилавий шароитнинг оғирлиги, болани боқишга имкон йўқлиги, 3та ҳолатда уй-жой олиш, 9та ҳолатда ўз айбини яшириш ва 10та ҳолатда моддий манфаат учун учун бунга қўл урилгани маълум бўлмоқда. Чақалоқ савдоси жиноятида иштирок этган шахсларнинг 10 нафарини ёки жами воситачиларнинг 32 фоизини тиббиёт соҳаси вакиллари ташкил этади.
2019 йилда чақалоқ савдоси билан боғлиқ жиноятлар 72 нафар шахс томонидан содир этилган бўлиб, шундан 62 нафари, яъни 86 фоизини аёллар ташкил қилади.
Одам савдоси билан боғлиқ мурожаатлар ҳал этилишининг қонунийлиги ҳамда ушбу турдаги жиноятларнинг аниқланиши ва судларда кўрилиши, жазо муқаррарлиги тамойили таъминланиши механизми самарали йўлга қўйилмагани тўғрисида сўз юритилди. 2019 йилда одам савдоси жинояти билан боғлиқ келиб тушган 710 та мурожаатдан бор йўғи 94 таси, яъни 13 фоизи бўйича жиноят иши очилган.

 

Нурилло Насриев, ЎзА