Эшик олдида турган сочи сариқ, кўзи кўм-кўк, ўзи юпун кийинган болакайни бошига оқ рўмол ўраган, юзларини ажин қоплаган ўзбек онаси меҳр билан бағрига олди…

Бу кимнинг боласи, бу ерда нима қилиб турибди? Она булар ҳақида ўйлаб ҳам кўрмади. Фақат унинг кўзларидан меҳрга ташналигини ҳис этди, холос. Она болани бағрига босганча ўзи билан уйга олиб кириб, унга меҳр-эътибор кўрсатди.

Бу кинорежиссёр Шуҳрат Аббосовнинг «Сен етим эмассан» фильмидан олган таассуротларимдан бир парчаси. Бу эпизодда фильм қаҳрамонлари Маҳкам ота ва Меҳринисо аянинг ягона ўғли уруш тугагач қайтиб келиб, ўзи билан немис болани олиб келгани тасвирланган. Меҳринисо она бошқа асраб олган 14 боласи каби “душман”нинг боласини ҳам қучоғига олади.

Бу воқелар тимсолида халқимизга хос бағрикенглик, болажонлик яққол очиб берилган. Ўз навбатида, бу – юксак маънавият, инсонийлик ифодаси.

Халқимиз эзгу анъаналарига асрлар давомида сайқал бериб, ривожлантириб келган. Уруш пайти, қаҳатчилик бўлса ҳам одамларимиз инсонийликнинг олий мезонларига гард юқтирмаган.

Бугун ҳаётимиз тинч, дастурхонимиз тўкин бир паллада эса юртдошларимизнинг гоҳ шу ерда, гоҳ хорижда бола сотгани ҳақида эшитиб қоламиз. Шунда дилимизни доим аччиқ саволлар ўртайди: бола сотиш аслида бизга ор эмасми? Бу қабиҳ жиноят бўлиши билан бирга болажон халққа нисбатан хиёнат эмасми?

…Яна қиз туғилганидан Мафтунанинг қалби ўртанди. Турмуш ўртоғининг важоҳатидан қўрқиб, уни туғруқхонага қолдириб кетишга қарор қилди. У ўз фарзандидан воз кечар экан, туғруқхона бош шифокорига «қизимни болага зор оилага топширишингизни истардим», деди.

Масаланинг ечимини қидира туриб бош шифокор олдин шу ерда ишлаб кетган аёлни эслади. У дарров етиб келди. Бола ҳақида эшитиб, ўн йилдан бери тирноққа зор оилани билишини айтди. Олдин бундай воқеага дуч келмагани учун бош шифокор собиқ ҳамкасбига ишониб, ҳужжатларни кейин расмийлаштирамиз, ҳозир қизалоқни уларга олиб боринг, деди.

Фуқаро Б.Ҳ. чақалоқни қўлга олгач, фикри ўзгарди. Уни олиб Шаҳрисабздан Тошкентга йўл олди. Бу ерга келиб, қизалоққа «харидор» қидира бошлади. Бир оила чақалоқни 1200 АҚШ долларига сотиб оладиган бўлди.

Кўрадиган фойдани ўйлаб «болафуруш»нинг дили чоғ эди. У бу қилмиши билан оналик номига доғ тушираётганини билиб турса-да, бунга қўл силтади.

Аммо «харидор» шундай пасткашлик эвазига фойда кўрмоқчи бўлган аёлни фош қилиш ниятида «келишув» ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга хабар берди. Шу асосда тезкор тадбир ташкил этилди. Б.Ҳ. жиноят устида қўлга олинди.

Жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани судида ушбу жиноятга оид иш кўриб чиқилди. Нафақат жиноятни ташкил этган, балки унга шароит яратиб берган, қонуний йўл тутмаган туғруқхона бош шифокори Д.Ҳ.га нисбатан ҳам Жиноят кодексининг одам савдосига оид моддаси қўлланилган ҳолда узоқ йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланди.

Бир қарашда собиқ бош шифокорда айб йўқдек. Савоб қиламан, деб, яна бировга ишониб доғда қолган. Лекин ҳар бир ишнинг ўз қонун-қоидаси бор. Шунга амал қилинмагани уни жиноятга шерик қилди.

Лекин жиноятга жазо қўллашдан мақсад – жиноятчининг қилмишидан пушаймон бўлиши, хатосини тушуниши, уни қайта такрорламаслигидир. Қолаверса, собиқ бош шифокор 25 йил бир даргоҳда меҳнат қилиб, одамларга яхшилик қилиб, элда обрў орттирган аёл эди. Тўпланган ана шундай далиллар, ишнинг Д.Ҳ.га оид қисмини апелляция тартибида қайта кўриб чиқилишини сўраб қилинган мурожаат Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида кўриб чиқилди.

Суд жараёнида судланувчи доимий истиқомат қилиб келаётган маҳалла фуқаролар йиғини унга кафил бўлишни ўз бўйнига олди. Қонунчилигимиздаги бағрикенглик, судланувчининг қайта қонун бузмаслиги кафолатини жамоат ташкилоти зиммасига олгани каби омиллар инобатга олиниб, Д.Ҳ.га биринчи инстанция судида тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси 2 йил синов муддатига алмаштирилди. Бу шартли ҳукм ҳисобланиб, судланувчига маълум мажбуриятлар юклатилади. У ушбу мажбуриятларни бузса, аввал тайинланган 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташига тўғри келади.

– Суд ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигига эътибор кучайди, –дейди Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Талъат Турсунов. – Президентимиз Шавкат Мирзиёев бу масалага эътибор қаратиб, Конституциямизнинг 25 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишдаги маърузасида инсонни тарбиялаш учун бутун жамият ҳаракат қилиши зарур, деб алоҳида қайд этди. Бугунги суд жараёнида маҳалла фаоли судланувчига кафил этиб белгиланиб, у суд залидан озодликка чиқарилди.

Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати томонидан тақдим этилган бир маълумотга эътибор қаратсак: 2017 йилнинг 9 ойи давомида судлар томонидан одам савдоси билан боғлиқ 225 жиноят иши 297 шахсга нисбатан кўриб чиқилган. Ушбу жиноятларнинг маълум қисмини эса, табиийки, бола сотиш жинояти ташкил этган. Оммавий ахборот воситалари бола сотиш билан боғлиқ жиноятнинг кейинги йилларда ўсганига эътибор қаратмоқда.

Хўш, нега табиат ато қилган неъмат – зурриёдни сотишдан айримлар ор қилмаяпди? «Боқишга қийналдим», «Менга пул зарур эди» ва бошқа баҳоналар қулоққа чалинади. Ахир ёввойи ҳайвонлар ҳам ўз боласини қанчалик ҳимоя қилишини бир тасаввур қилиб кўрайлик. Интернетда тарқалган боласи ҳаёти учун ўзини мардона қурбон қилган она кийик суратига назар солсангиз беихтиёр кўзингизга ёш келади…

Кўзингизни очинг, одамлар, болангизни сотманг…

 

Норгул Абдураимова, ЎзА