Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф Доҳада Ғазо секторида гаровга олинганларни озод қилиш ва ўт очишни тўхтатишга келишиш бўйича музокарада иштирок этади.

Сайланган Президент маъмурияти можарони ҳал қилишда олдинга силжиш ниятини билдирди ва 20 январга мўлжалланган Дональд Трампнинг инаугурациясига қадар ХAМAС гаровдагиларни озод қилмаса, Яқин Шарқ “жаҳаннамга” айланиши билан таҳдид қилди. Бу ҳақда «Axios» ёзган.

– Aгар гаровга олинганлар мен лавозимга киришгунимча қайтарилмаса, Яқин Шарқда “жаҳаннам ёрилиб кетади” ва бу ХAМAС учун ҳам, бошқалар учун ҳам яхши бўлмайди, – деди Трамп.

Қайд этилишича, Ғазода гаровга олинган 100 кишининг 7 нафари америкалик. Исроил разведкаси маълумотига кўра, ушлаб турилганларнинг ярмига яқини, жумладан уч америкалик тирик.

Aгар келишувга эришилса, сулҳнинг биринчи босқичи 33 маҳбусни озод қилиш ва Ғазода 6-7 ҳафта давомида ўт очишни тўхтатиш, шунингдек юзлаб фаластинликларни озод этишни назарда тутади.

2024 йил декабрь ойининг сўнгги ҳафтасида Исроил ва ХAМAС ўртасидаги сўнгги билвосита музокара муваффақият келтирмади. Қўшма Штатлар, Миср ва Қатар воситачилари эришган муайян ютуқлар келишувга эришиш учун етарли эмас.

Исроил томони айтишича, ХAМAС билан муҳокама қилинаётган масалалар бўйича яқин бир неча ҳафта ичида келишувга эришилиши эҳтимоли яқин.

ХАМАСнинг Ливандаги матбуот котиби Aҳмад Aбдул Ҳоди душанба куни «Al-Mayadeen» телеканалига «Нетаньяху қарор қабул қилади, ҳар қандай келишув Ғазодаги урушни тўхтатиш ва Исроил қўшинини тўлиқ олиб чиқиб кетишни кўзлайди, ҳаракатнинг позицияси шундай», дея таъкидлади.