Таълим тизимидаги муаммолар таҳлил қилинди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Мухтар Ибрагимов раислигида коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган фармон, қарор ва фармойишларда белгиланган вазифаларнинг Қорақалпоғистон Республикасида фан, таълим, маданият ва спорт соҳаларидаги ижроси таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Zoom дастурий платформаси орқали ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмита раиси Б.Матмуратов, Сенат аъзоси, Қорақалпоғистон тиббиёт институти ректори О.Атаниязова, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати А.Реймов, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими, Маданият, Жисмоний тарбия ва спорт вазирликлари мутасаддилари ҳамда олий таълим муассасалари раҳбарлари иштирок этди.

Мажлисда пандемия шароитида фан, таълим, маданият ва спорт соҳалари бўйича Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилаётган ишлар, соҳалар олдида турган асосий вазифалар тегишли мутасаддилар ҳисоботлари орқали атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси, тегишли қўмиталарда соҳаларга оид қонунчилик масалалари, ялпи мажлис муҳокамасига қўйилган қонунларнинг мазмун-моҳияти, уларнинг мамлакатимиз иқтисодиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлашдаги аҳамияти ҳақида маълумотлар берилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмита раиси Б.Матмуратов, Сенат аъзоси О.Атаниязова ўз маърузаларида пандемия шароитидаги олий таълим соҳасида амалга оширилаётган ишларни аниқ мисоллар асосида таҳлил қилиб, бажарилиши лозим вазифаларга мутасаддиларнинг диққатини қаратди.

Мажлисда сенатор ва депутатлар томонидан эътибор берилиши лозим вазифалар таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, таълим муассасаларида коронавирус инфекциясининг тарқалишининг олдини олиш, пандемия шароитида таълим жараёнини ташкил қилиш ва сифатини таъминлаш, жорий ўқув йилини якунлаш, таълим муассасаларининг масофавий таълим платформаларини мақбуллаштириш, уларнинг мониторинги бўйича ишлар таҳлил қилинди. Битирувчилар билан боғлиқ жараёнлар, умумтаълим мактаблари, ўрта махсус ва касб-ҳунар ҳамда олий таълим муассасалари битирувчиларига давлат намунасидаги ҳужжатларни электрон шаклда етказиш, жорий ўқув йилида қабул жараёнлари билан боғлиқ амалга оширилаётган ишлар тўғрисида тегишли мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА