Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш кўлами кенгаяди

Қарор ва ижро 

Мамлакатимизда кейинги йилларда таълим соҳасини ривожлантириш, бу борада малакали педагог кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 27 февралдаги «Педагогик таълим соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мазмун-моҳияти, унда белгиланган вазифалар ижроси ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ректори Байрам ОТЕМУРАТОВ ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди.

– Педагогик таълим соҳасини ривожлантириш давр талабига айланган эди, – деди Б.Отемуратов. – Тарбия ва ўқитиш усуллари, ахборот-коммуникация ҳамда хорижий тилларни пухта ўзлаштирган, таълим жараёнида педагогик технологияларни қўллаш кўникмаларига эга профессионал кадрлар тайёрлаш, педагог касбига қизиқиши юқори бўлган ёшларни аниқлаш ҳамда уларни мақсадли тайёрлаб ва тарбиялаб боришнинг узлуксиз тизимини жорий қилиш керак эди.

Қарорда 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб кадрлар тайёрлаш ўқиш муддати 3 йил бўлган бакалавриат таълим дастурлари асосида амалга ошириладиган педагогик таълим соҳасининг айрим бакалавриат таълим йўналишлари белгиланди. Бу “Мусиқа таълими”, “Жисмоний маданият”, “Технологик таълим”, “Чақириққача ҳарбий таълим”, “Тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси”, “Мактабгача ва бошланғич таълимда жисмоний тарбия ва спорт” йўналишларидир.

Юқоридаги йўналишларда фаолият юритаётган педагог ходимларга талаб юқори эканини ҳисобга оладиган бўлсак, ўқув муддати 3 йил этиб белгиланиши кадрларга бўлган эҳтиёжни қоплаш имконини беради. Таҳлиллар кўпгина умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотлари, мусиқа мактаблари, жисмоний ва спорт мактабларида мутахассисларга эҳтиёж юқори эканини кўрсатади.

Масалан, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимида 36 минг 40 нафар ўқитувчи фаолият олиб бормоқда. Шундан 26 минг 641 нафари аёллар (73,9 фоиз), 31 минг 750 нафари олий маълумотли (88,1 фоиз), 882 нафари тугалланмаган олий (2,4 фоиз), 3 минг 408 нафари ўрта махсус маълумотли (9,5 фоиз) педагоглардир.

Бугунги кунга қадар Қорақалпоғистон Республикасида 8 минг 52 нафар бошланғич синф ўқитувчисининг 29 фоизи ўрта махсус маълумотли бўлса, Беруний туманида 49 фоиз, Тўрткўл туманида 43 фоиз, Чимбой туманида 38 фоиз, Тахтакўпир туманида 37 фоиз, Шуманай, Элликқалъа ва Қораўзак туманларида 32 фоиздир.

Байрам ОТЕМУРАТОВ.jpg

Ҳозирги кунга қадар ўрта маълумотли педагог кадрларнинг ўрнини олий маълумотга эга педагог кадрлар билан тўлдириш ишлари олиб борилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасидаги жами 3 минг 408 нафар ўрта махсус маълумотли педагог кадрларнинг 2020-2021 ўқув йилида 1050 нафари кадрлар тайёрлаш ўқиш муддати 3 йил бўлган бакалавриат таълим дастурлари асосида амалга ошириладиган педагогик таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишларида ўқишга топшириши режалаштирилмоқда.

Ҳудудда 725 умумтаълим муассасаси, маданият вазирлиги тизимида 23 таълим маскани бор. 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб мактабгача таълим бакалавриат таълим йўналишида кадрлар тайёрлашнинг ўқиш муддати 3 йил этиб белгиланган, ўқув режаси Мактабгача таълим вазирлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган эди.

Ҳозирги кунда Қорақалпоғистон Республикаси бўйича жами мактабгача таълим ташкилотлари 822 тани ташкил этади. Шундан 400 таси давлат тасарруфида, 422 таси нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ҳисобланади. Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 3-7 ёшли болалар 155 минг 561 нафарни ташкил этади. Шуларни ҳисобга олиб айтиш мумкинки, тарбиячи мутахассисларга муҳтожлик катта.

Шунингдек, тор мутахассисликлар, яъни дастурчилар, операторлар, технолог кадрлар тайёрлашга ҳам эътиборни кучайтириш керак. Чунки, улар кўпинча амалиётда мутахассис сифатида шаклланади.

Умуман олганда, олий таълим олиш мустақил жараён ҳисобланиб, профессор-ўқитувчилар 3 йил мобайнида талабаларнинг мустақил таълим олишида ҳамкорликда фаолият юритиб, асосан назарияга нисбатан амалиётга кўпроқ эътибор қаратиш орқали сифатли таълимни ташкил этиши мумкин.

ЎзА мухбири
Барно МЕЛИҚУЛОВА
ёзиб олди

ЎзА