Тўлапберган Қайипбергеновнинг танланма асарлари ўзбек тилида чоп этилди

7 май – Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Тўлапберган Қайипбергеновнинг таваллуд топган куни.

Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмасининг маълум қилишича, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Ижод” жамоат фонди томонидан ёзувчининг асарлари ўзбек тилида чоп қилинди.Раҳимжон Отаев томонидан таржима қилинган ва нашрга тайёрлаган китобда ёзувчининг “Қорақалпоқнома”, “Боқий дунёга, бобомга хатлар”, “Саҳро булбули”, “Совуқ бир томчи”, “Раҳмат, муаллим” каби роман, қисса ва драмаси ўрин олган.

Таъкидлаш жоизки, атоқли ёзувчи асарларининг аксарияти жаҳондаги кўплаб тилларга таржима қилиниб, бир қатор нуфузли адабий мукофотларга сазовор бўлди. Жонкуяр адибнинг адабиётимизни ривожлантиришдаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси”, “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” фахрий унвонлари, “Шуҳрат” медали, “Дўстлик” ва “Эл-юрт ҳурмати” орденлари ҳамда Ватанимизнинг олий мукофоти — “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланган.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА