Тошкентдаги “Пойтахт” бизнес марказида Давлат бюджетини тайёрлаш ва фуқароларга эълон қилиш концепцияси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир БМТ Тараққиёт дастури ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг “Ўзбекистонда давлат молиясини бошқариш ислоҳотларига кўмаклашиш” қўшма лойиҳаси ижроси доирасида ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилда қабул қилинган Бюджет кодексига мувофиқ ошкоралик мамлакатимиз бюджет тизимининг муҳим тамойилларидан бири ҳисобланади. Ушбу тамойил жамият ва оммавий ахборот воситалари учун Давлат бюджетини тайёрлаш, кўриб чиқиш ва қабул қилиш жараёнлари, тасдиқланган бюджет, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, уларнинг ижросига доир маълумотларни эълон қилиш бўйича ошкораликни назарда тутади.
Мазкур тамойилни рўёбга чиқариш жорий йилда Ҳаракатлар стратегиясининг қабул қилингани ҳамда 2017 йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилингани билан ҳам аҳамиятлидир. Янги ташаббуслар ахборотни маълум қилиш ҳамда Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини кўриб чиқиш, қабул қилиш ва уларнинг ижросини таъминлаш жараёнига фуқароларни жалб қилиш механизмини жорий этишни тақозо этмоқда.
Учрашувда таъкидланганидек, қабул қилинаётган қарор ва чора-тадбирлар давлат бошқаруви органлари ва фуқаролар ўртасидаги ўзаро муносабатларни тубдан ўзгартирди. Янгича ёндашув давлат бошқаруви органлари ва фуқаролар ўртасидаги мулоқот ҳукуматга бўлган ишончнинг ортишига хизмат қилади, деган тушунчага асосланган. Бунда фуқаролар ҳокимият органларининг мамлакатни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракат ва чора-тадбирларини қўллаб-қувватлайди, чунки аҳоли қабул қилинаётган чоралар уларнинг манфаати йўлида эканини тушунади.
Фуқаролар билан мулоқотни йўлга қўйиш нафақат бюджет жараёни самарадорлигини оширишга хизмат қилади, балки бюджет тизими, барча даражадаги бюджетлар, давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини шакллантириш ва уларнинг ижроси ҳақида кенг жамоатчилик хабардор қилинишини ҳам таъминлайди. Бу фуқароларнинг бюджет сиёсатининг мақсади ва устувор йўналишларини яхши тушуниши ҳамда уларни бюджетни муҳокама қилиш ва унинг ижросини назорат қилиш жараёнига жалб қилишни осонлаштириш имконини беради.
Фуқароларга Ўзбекистон Республикаси бюджет сиёсатининг устувор йўналишлари, бюджет тизимининг параметрлари, бюджет маблағларини сарфлаш натижалари ҳақида тушунарли шаклда ахборот тақдим этишга мўлжалланган Бюджет концепцияси айнан шу мақсадда ишлаб чиқилган.
Таъкидлаш жоизки, ушбу концепция – бюджет ҳужжатининг соддалаштирилган кўриниши бўлиб, у бюджет тушунчаси барча учун тушунарли бўлиши учун норасмий тилда ёзилган ҳамда кўникмаси бўлмаган фойдаланувчиларнинг кенг доирасига мўлжалланган ахборот-таҳлилий материалларни ўз ичига олади. Бюджет ва бюджет жараёни асослари, бюджет ижроси, бюджет лойиҳаси, давлат дастурлари, фуқаролар учун оммавий эшитувлар ва бошқа маълумотлар шулар жумласидандир.
Тадбирда иштирокчиларга Бюджетни тайёрлаш ва фуқароларга эълон қилиш концепциясининг асосий қоидалари ҳақида сўзлаб берилди. Хусусан, “фуқаролик бюджети”нинг асосий мақсадли гуруҳлари, унинг мазмуни ва тузилмаси, уни тақдим этиш шакллари, усуллари ва воситалари ҳамда уни эълон қилиш муддатлари ва тарқатиш каналлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Жонли мулоқот тарзида ўтган давра суҳбатида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди ва тақдим этилган ҳужжат юзасидан ўз фикр ва таклифларини билдирди. Мазкур таклифлар 2018 йилда тайёрланиши режалаштирилаётган фуқаролар бюджетини ишлаб чиқиш жараёнида эътиборга олинади.