Президентимиз ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманига қаратилаётган алоҳида эътибор, айниқса, Орол денгизининг қуриган ҳудудларини кўкаламзорлаштириш борасидаги эзгу ишлар ҳудуднинг қиёфасини тубдан ўзгартириб юборди.
Мазкур ободонлаштириш ишларига муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Навоий шаҳар ҳокими Муҳиддин Бозоров, вилоятдан сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят ва шаҳар кенгаши раҳбарлари Мўйноқ туманида хизмат сафарида бўлди.
Вилоят делегацияси ўзлари билан бирга 4500 та кўчат, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда ҳудуд ёшлари учун улуғ мутафаккир Алишер Навоийнинг “Хамса” достонининг 500 нусхасини ўзида жамлаган саховат карвонини ҳам Мўйноққа олиб борди.
Навоийдан Орол бўйига етиб борган озиқ-овқат маҳсулотлари ва бадиий адабиётлар Мўйноқ аҳлига тақдим этилди.
Айни кунларда Мўйноқда Навоий вилояти учун ажратилган 4 гектар ер майдонга кўчат ўтқазилиб, “Навоий ташаббус боғи” барпо этилмоқда. Бу хайрли юмушларга мўйноқлик ёшлар ҳамда маҳаллий аҳоли ҳам муносиб ҳисса қўшаётир.
Ташриф давомида Навоий шаҳар ҳокими Муҳиддин Бозоров ҳамда Мўйноқ тумани ҳокими Ерпўлат Еденбаев иштирокида Навоий шаҳри ҳамда Мўйноқ туманлари ўртасида ҳамкорлик алоқалари тўғрисида келишув имзоланди. Шунга асосан, Навоий шаҳри ва Мўйноқ туманларининг икки томонлама дўстона алоқаларни ривожлантириш, ҳудудларнинг ўзаро манфаатларига мос келадиган ҳамкорлигини йўлга қўйиш мақсадида Навоий шаҳри ва Мўйноқ тумани биродарлашган ҳудудлар, деб эълон қилинди.
Энг муҳими, бу орқали келгусида биродарлашув алоқалари мустаҳкамланиб, ижтимоий-иқтисодий, маданий ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатларга мос келадиган самарали ҳамкорлик йўлга қўйилади. Шунингдек, икки томон бизнес доираларининг муносабатлари ривожланишига ҳақиқий тамал тоши қўйилди.
Навоий шаҳри делегациясининг Мўйноқ туманида хизмат сафари давом этмоқда.
Навоий шаҳар ҳокимлиги
ахборот хизмати
ЎзА