Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ф а р м о н и

Республикада охирги йилларда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, имкониятлари чекланган шахсларнинг жисмоний реабилитацияси учун зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда мамлакатнинг халқаро спорт майдонларида муносиб иштирок этишини таъминлаш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида аҳоли соғлиғини мустаҳкамлашга кўмаклашадиган аниқ дастурларни амалиётга жорий этиш, ёшларни спортга кенг жалб қилиш ва улар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш, спорт турлари бўйича юқори натижаларни таъминлайдиган маҳоратли спортчилар билан миллий терма жамоаларни шакллантириш ва тренерлар учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш зарурати мавжуд.

Мамлакатда юксак маданиятга эга бўлган ҳар томонлама етук ҳамда жисмонан соғлом инсонни шакллантириш мақсадида аҳолининг жисмоний тарбия ва спорт соҳасида малака ва билимларини орттиришга қаратилган устувор йўналишларни белгилаш, иқтидорли спортчиларни танлаб олиш (селекция) жараёнига инновацион шакллар ва усулларни жорий этиш мақсадида:

1. Қуйидагилар жисмоний тарбия ва спорт тизимини ислоҳ қилишнинг 2025 йилгача асосий йўналишлари этиб белгилансин:

жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланаётган аҳолининг умумий сонини 30 фоизгача, спорт ташкилот ва муассасаларида шуғулланаётган ёшларнинг умумий сонини 20 фоизгача ошириш;

давлат спорт таълими муассасаларида тренер ва мутахассисларнинг сифат таркиби, хусусан, олий маълумотли ходимлар сонини босқичма-босқич 80 фоизгача етказиш;

жойларда ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни танлаб олиш (селекция)нинг самарали ва шаффоф тўрт босқичли – ташкилот-туман (шаҳар)-ҳудуд-республика тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимидаги спорт мактаблари ўқувчи-спортчилари ўртасида “Болалар спорт ўйинлари”ни ўтказиш орқали иқтидорли спортчиларни аниқлаш ва ёшлар терма жамоаларига захира яратиш ҳамда олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Талабалар спорт ўйинлари”ни ташкил этиш натижасида талабаларни спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш;

аҳолининг кенг қатламлари, жумладан, умумтаълим мактаби ўқувчилари, профессионал ва олий таълим муассасалари ўқувчи ва талабалари ўртасида жисмоний тарбияни оммалаштириш, улар орасида иқтидорлиларини аниқлаш мақсадида “Умумтаълим мактаб спорти” фестивали, “Жисмоний тайёргарлиги ривожланган муассаса” кўрик-танловини босқичма-босқич (туман/шаҳар, ҳудуд, республика) ўтказиш тизимини ишлаб чиқиш ва жисмоний тайёргарлик даражаси ривожланган энг яхши умумтаълим мактаби, профессионал ва олий таълим муассасаси номинациясини жорий этиш;

2020 йилдан бошлаб спорт соҳасида “Tashkent Marathon” халқаро марафони“Save Aral” халқаро экомарафониавторалли ва мотокросс спорт мусобақаларини тизимли ўтказиш орқали спорт туризмини ривожлантириш;

аҳолининг барча қатламлари ўртасида “Жисмоний тайёргарлик даражаси” синовларини ўтказишни жорий этиш;

спорт турлари бўйича терма жамоалар спортчилари учун илмий-комплекс лабораториялар ташкил этиш, тайёргарлик жараёнига илғор инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда спорт соҳасида самарали тиббий ва фармакологик таъминотни йўлга қўйиш;

спорт турлари бўйича 18 ёшгача бўлган ҳудудий терма жамоа аъзоларини ҳудудий болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларининг ўсмирлар бўлимларида ва ундан катта ёшдаги ҳудудий терма жамоа аъзоларини туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида мунтазам равишда чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиб бориш механизмини жорий этиш;

2020 йил 1 февралдан бошлаб босқичма-босқич олимпия спорт турлари бўйича республика спорт мусобақаларида допинг-тест намуналарини олиш тизимини жорий этиш;

қишки Олимпия спорт турлари инфратузилмасини яратиш, ушбу спорт турларини оммавийлаштириш орқали профессионал спортчиларни тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш;

Ўзбекистон спорт делегацияларини нуфузли спорт мусобақаларига тизимли тайёрлаш бўйича Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманида Олимпия тайёргарлик марказини ташкил этиш;

хорижлик спортчи ва мухлисларни кенг жалб қилиш ҳамда спорт инфратузилмасидан самарали фойдаланиш мақсадида “хоспиталити хизматлари”ни йўлга қўйиш, “Sport Visa” қўшимча (электрон бўлмаган) кириш визасини жорий этиш;

спорт соҳасида хусусий сектор иштирокини ошириш, шу жумладан, спорт ташкилотларида давлат улушини камайтириш бўйича зарур чоралар белгилаш;

спорт лотереяларини ташкил этиш орқали спортни қўшимча молиялаштириш тизимини кенгайтириш;

ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва Қуролли Кучлар тизимидаги таълим муассасалари, жумладан, “Темурбеклар мактаби” ўқувчи-талабалари учун “Армия ўйинлари” дастурига киритилган спорт турлари бўйича факультатив машғулотлар ва тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиш;

жисмоний тарбия-соғломлаштириш, спорт иншоотлари ва муассасаларининг бошқарув тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, жумладан, “Sport.uz” ахборот тизими орқали спорт иншоотларининг телекоммуникация тармоқларига уланишини таъминлаш;

миллий спорт турларини ривожлантириш ва оммавийлигини ошириш, уларни Осиё ва Олимпия ўйинлари дастурларига киритиш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш.

2. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси (кейинги ўринларда – Концепция) 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни 2025 йилгача ривожлантириш концепциясининг мақсадли кўрсаткичлари 2-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни 2025 йилгача ривожлантириш концепциясини 2020 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” 3-иловага мувофиқ;

Республика туман (шаҳар)ларни устувор, истиқболдаги, ривожланаётган спорт турларига ихтисослаштириш рўйхати 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилансинки, Концепцияда назарда тутилган мақсадли кўрсаткичлар ва асосий йўналишлар ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг асосланган ҳисоб-китобларига асосан, шунингдек, ушбу тадбирларни молиялаштириш учун ажратилган бюджет маблағлари доирасида Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган “Йўл харитаси” орқали босқичма-босқич амалга оширилади.

3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

ҳар йили 1 ноябрга қадар келгуси йил учун спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг республика календарь режаси (кейинги ўринларда – республика календарь режаси) спорт турлари бўйича федерациялар (уюшмалар) тақдимномаси асосида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан шакллантирилади ва Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритилади;

республика календарь режасида белгиланган харажатлар таркибида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, спорт турлари бўйича федерациялар (уюшмалар)нинг фаолияти билан боғлиқ харажатлар, шунингдек, спортчиларни суғурталаш харажатлари назарда тутилади;

тасдиқланган республика календарь режасига асосан ҳудудий ҳамда туман (шаҳар) спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режалари тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан ҳар йили 1 декабрга қадар тасдиқланади;

спортчи ёшларни саралаш ва катта спортга иқтидорли спортчиларни танлаб олиш (селекция), спорт захирасини шакллантириш тизимини йўлга қўйиш, ёшлар орасида спортни оммалаштиришда юқори натижаларга эришиш мақсадида ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари, аҳолининг қизиқиши ва хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, умумтаълим мактаблари олий таълим муассасалари камида биттадан устувор, истиқболдаги, ривожланаётган, шу жумладан, миллий спорт турларига ихтисослаштирилади;

ички ишлар органлари профилактика (катта) инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари бириктирилган ҳудудларда, шу жумладан, маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳолини, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш бўйича масъул этиб белгиланади.

4. Белгилаб қўйилсинки, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) ҳокимлари:

жисмоний тарбия ва спорт муассасаларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг иншоотлари инфратузилмасини ривожлантириш;

Қорақалпоғистон Республикасининг бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети, туман (шаҳар) бюджетлари даромадларининг прогноздан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан маблағларни ҳудудий спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларини қўшимча молиялаштириш учун йўналтириш;

республика спорт федерациялари (уюшмалари) билан биргаликда олий таълим муассасаларини спорт турлари бўйича ихтисослаштириш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, “Жисмоний тайёргарлик даражаси” синовларини ўтказиш, аҳоли ва ёшлар ўртасида бу борада олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ҳар чоракда муҳокама этиб бориш;

тегишли ҳудудда жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш ҳамда жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт ташкилотларидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича масъул ҳисобланади.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирлик, идора ва ташкилотлар, ўз тасарруфида бўлган ёки тегишли ҳудудда жойлашган очиқ спорт объектлари (стадион, футбол майдони ва бошқа спорт объектлари) ҳамда истироҳат боғларида (хусусий тадбиркорлик субъектларига тегишли объектлар бундан мустасно) аҳолининг югуриш, юриш ва бадантарбия турлари билан бепул шуғулланиши учун шароит яратсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг:

вазирлик марказий аппарати тузилмасидаги жисмоний тарбия ва спорт соҳасида мониторинг бошқармаси негизида Ички аудит ва молиявий назорат бошқармасини ташкил этиш;

спорт паспортини расмийлаштириш ва бериш учун йиғимни пул тўлови амалга оширилаётган кундаги базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида белгилаш;

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда таълим муассасаларининг спорт иншоотларини, уларда реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича инвестиция мажбуриятини олган ҳолда, ўқув машғулотларидан бўш вақтда тадбиркорлик субъектларига фойдаланишга бериш;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда спорт лотереяларини ташкил этиш ва юридик шахслар томонидан спорт лотереяларини ўтказишдан олинган даромаднинг 10 фоизигача бўлган қисмини бюджетдан ташқари “Спорт” махсус ҳисоб рақами маблағларини шакллантиришнинг қўшимча манбаси этиб белгилаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг туман ва шаҳар бўлимлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, тизимдаги спорт мактаблари ва коллежлари ўқув синф ва лаборатория хоналари ҳамда ётоқхоналарини жиҳозлаш учун Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг бюджетдан ташқари “Спорт” махсус ҳисоб рақамига 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан 50 миллиард сўм маблағ ажратсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда “Миллий банк” АЖ жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларини барпо этиш лойиҳаларини молиялаштириш учун 200 миллион евро, шу жумладан, 2020 йилда 50 миллион евро миқдорида халқаро молия институтлари ва хорижий банкларнинг кредит маблағларини (кейинги ўринларда – кредит маблағлари) жалб қилсин.

9. Белгилаб қўйилсинки, лойиҳа ташаббускорларига:

2020-2021 йилларда жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларини барпо этиш учун ажратиладиган тижорат банкларининг суммаси 10 миллиард сўмдан, фоиз ставкаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасининг 1,5 бараваридан ошмайдиган миллий валютадаги кредитлар учун – асосий ставкадан ошадиган, лекин 8 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисми Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан қоплаб берилади;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ушбу имтиёзлар учун зарур бўлган маблағларни Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига белгиланган тартибда ажратсин;

кредит маблағлари жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларини барпо этишда инновацион технологияларга асосланган, арзон, энергия тежамкор ва тез барпо этиладиган енгил конструкция ва материаллардан фойдаланишни назарда тутувчи намунавий лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратилади.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлиги Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда лойиҳа ташкилотларини жалб қилган ҳолда бир ой муддатда илғор хорижий давлатлар тажрибаси, таълим муассасалари ва бошқа объектларнинг қуввати ҳамда мазкур бандда кўрсатилган талаблардан келиб чиқиб, ҳар бир спорт турлари бўйича барпо этиладиган спорт объектларининг намунавий лойиҳаларини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқланишини таъминласин.

10. 2020 йилда халқаро молия институтлари ва хорижий банкларнинг кредитлари ҳисобидан республика ҳудудларида жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларини барпо этиш бўйича истиқболли лойиҳаларнинг йиғма кўрсаткичлари 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

11. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Молия вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда қуйидагиларни:

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги таркибидаги спорт таълими муассасаларининг штат бирликлари доирасида спорт диетологи, спорт психологи, спорт фармакологи, массажчи ва селекция бўйича тренер лавозимлари ҳамда республика олий спорт маҳорати мактабларида ҳар бир спорт тури бўйича Бош тренер-селекционер лавозимини жорий этиш;

спорт муассасаларининг харажатлар сметасида назарда тутилган маблағлар доирасида спорт тайёргарлигидан ўтаётган ўқувчи-спортчининг спортдаги натижалари яхшиланганда ва у бошқа юқори даражадаги спорт таълими муассасасига ўтказилганда, уни тайёрлаган тренерга бир ойлик иш ҳақи миқдорида бир марталик мукофот пули тўлаш;

спорт мактаблари эришган натижаларига кўра улар мақомини қайта кўриб чиқиш ва белгилаш тартибини назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлигининг 2020 йил 1 февралдан бошлаб спорт соҳасидаги ютуқларни муносиб равишда рағбатлантиришни назарда тутувчи қуйидаги таклифларига розилик берилсин:

а) олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича Олимпия ва Паралимпия ҳамда Осиё ва Параосиё ўйинлари, жаҳон, Осиё ва республика чемпионатларида охирги уч йилда ғолиб ва совриндор (1-3 ўрин) бўлган спортчи-ўқувчиларни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган олий таълим муассасаларига (тиббиёт йўналишидан ташқари) қўшимча давлат гранти асосида имтиҳон синовларисиз қабул қилиш;

б) “Болалар спорт ўйинлари”нинг жамоавий ўйин турлари бўйича республика босқичи:

ғолибларига (1-ўрин) олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида соҳа бўйича мутахассислик фанидан максимал балл олиш ҳуқуқини берувчи, уч йил муддат давомида амал қилувчи сертификат тақдим қилиш;

ғолиб ва совриндорларни (1-3 ўрин) тайёрлаган жисмоний тарбия фани ўқитувчиларини республика календарь режасида назарда тутилган маблағлар ҳисобидан эгаллаган 1-ўрин учун меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг – 6 баравари2-ўрин учун – 4 баравари3-ўрин учун – 3 баравари миқдорида бир марталик пул мукофотлари билан тақдирлаш;

в) умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган жисмоний тарбия фан олимпиадасининг ғолиб ва совриндорларини (1-3 ўрин) тайёрлаган жисмоний тарбия фани ўқитувчилари ва спорт таълим муассасаларининг тренерлари малака аттестациясига жалб этилмасдан, уларга:

туман (шаҳар) босқичи ғолиб ва совриндорларини (1-3 ўрин) тайёрлагани учун – иккинчи малака тоифасини;

вилоят босқичи ғолиб ва совриндорларини (1-3 ўрин) тайёрлагани
учун – биринчи малака тоифасини;

республика ва халқаро мусобақалар ғолиб ва совриндорларини (1-3 ўрин) тайёрлагани учун – олий малака тоифасини тўғридан-тўғри бериш;

г) олимпия спорт турлари бўйича республика (1-ўрин) ва халқаро мусобақаларда (Олимпия ва Паралимпия ўйинларида, Осиё ва Параосиё ўйинларида, жаҳон чемпионатида ва Осиё чемпионатида 1-3 ўринлар) ғолиб чиққан олий таълим муассасалари талабаларини тайёрлаган жисмоний тарбия ва спорт йўналишидаги кафедралар ўқитувчиларига навбатдаги илмий унвонларни (доцент, профессор) тўғридан-тўғри бериш.

13. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
ҳамда Молия вазирлигининг:

спорт мактабларининг ўқув дастурларида ўқув машқлар соатини қисқартириш ҳисобига ушбу мактаблардаги тренер-ўқитувчиларнинг базавий тариф ставкаси ҳар ҳафтадаги бевосита ўқув-машқ ишларининг 24 академик соати учун белгилаш;

босқичма-босқич туман (шаҳар) болалар ва ўсмирлар спорт мактабларидаги бош ҳисобчи лавозимлари ҳисобидан туман (шаҳар) жисмоний тарбия ва спорт бўлимларида марказлашган бухгалтерия хизматини жорий этиш ҳамда унга туман (шаҳар) спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режаларини молиялаштириш учун ажратилган маблағларнинг ҳисобини юритишни юклаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

14. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизими бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони доирасида, унинг ҳудудий бошқармалари тузилмасига қўшимча 28 та бошқарув ходими штат бирликлари киритилсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан биргаликда 2020/2021 ўқув йилига қадар олий таълим муассасаларининг жисмоний тарбия ва спорт йўналишидаги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг давлат таълим стандартлари, малака талаблари ва фан дастурларини такомиллаштирсин ҳамда битирувчиларга жисмоний тарбия ўқитувчиси ва ихтисослашган спорт тури бўйича тренер квалификациясини бериш амалиётини жорий этсин.

16. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги спорт турлари бўйича федерациялар (уюшмалар) билан биргаликда ҳудудларда ихтисослаштирилган туман (шаҳар), умумтаълим мактаблари ҳамда олий таълим муассасаларини спорт йўналишлари бўйича зарур ўқув адабиётлар, методик қўлланмалар ва йўриқномалар билан таъминлаш бўйича тегишли чораларни кўрсин;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва “Миллий банк” АЖ билан биргаликда бир ой муддатда жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларини барпо этиш лойиҳаларини молиялаштириш учун халқаро молия институтлари ва хорижий банклар томонидан ажратилаётган кредитлардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқласин;

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан биргаликда 2020 йилнинг 1 июнига қадар Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимида ягона электрон бошқарув тизимини жорий этишни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

Бунда давлат бюджетидан спорт соҳаси учун, шунингдек, спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг республика ва ҳудудий календарь режалари учун ажратиладиган маблағлар тақсимланиши ва ишлатилишининг тўлиқ назоратини амалга ошириш, улар бўйича ҳисоботларни шакллантириш, спорт муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлар тушумларини назорат қилиш ва ишлатилиши шаффофлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилсин.

17. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

18. Мазкур Фармон ижроси қуйидаги тартибда амалга оширилсин:

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов – мазкур Фармон ижросини сифатли, тўлиқ ва ўз вақтида таъминлаш, белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан масъул вазирлик, идора ва ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил қилсин ҳамда мувофиқлаштирсинҳар ойда улар раҳбарларининг бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларини қабул қилсин ҳамда аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этсин;

Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири Д.Ҳ.Набиев – Концепциянинг мақсадли кўрсаткичларига эришиш, Концепция ва “Йўл харитаси”ни ижро этиш юзасидан барча зарур чоралар кўрилишини таъминласин, жисмоний тарбия ва спортни аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида оммалаштириш борасида спорт турлари бўйича федерациялар (уюшмалар) билан яқиндан ҳамкорлик қилсин, соҳада таъсирчан жамоатчилик назоратини ташкил этсин, мазкур Фармонда белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишда масъул ташкилотларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатсин ҳамда унинг ижроси бўйича ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб борсин;

Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири Б.И.Зокиров –инновацион технологияларга асосланган, арзон, энергия тежамкор ва тез барпо этиладиган енгил конструкция ва материаллардан спорт заллари (бокс, кураш, фитнес, гимнастика), футбол, волейбол, баскетбол, бадминтон ва теннис майдонларининг намунавий лойиҳалари ишлаб чиқилишини ҳамда ушбу соҳада мавжуд қурилиш норма ва стандартлари қайта кўриб чиқилишини таъминласин, шунингдек, қурилиш-монтаж ишлари сифатли бажарилиши устидан давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) ҳокимлари – ҳудудларни устувор, истиқболдаги ҳамда ривожланаётган спорт турларига ихтисослаштириш бўйича ишларни самарали ташкил қилсин, спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режаларига мувофиқ ҳудудий спорт мусобақаларини тўлиқ ҳажмда молиялаштириш ҳамда юқори савияда ўтказиш бўйича зарур чораларни кўрсинлар;

масъул вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари – Концепция ва “Йўл харитаси”да назарда тутилган тадбирларни ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ бажариш, жисмоний тарбия-соғломлаштириш учун зарур шартшароитлар яратиш, шунингдек, ишчилар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш юзасидан барча чораларни амалга оширсинлар;

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори А.К.Кўчимов, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси в.б. А.Д.Хаджаев ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори в.б. К.И.Алламжонов – мазкур Фармоннинг мазмун-моҳияти ва амалий аҳамиятини ёритишга оид мақолалар, брифинглар, пресс-конференциялар, тематик телекўрсатувлар ташкил этсинлар.

Ўзбекистон Республикаси

         Президенти                                               Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2020 йил 24 январь

 

ЎзА