Мажлис кун тартибидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларини рўйхатга олиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда Сенатининг биринчи мажлисларини чақиришга оид масалалар кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари сайлови бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг қўшма мажлислари 2020 йил 16-17 январь кунлари ўтказилди.
Таъкидланишича, фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли депутатлар орасидан Сенат аъзолари сайланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда Сенатининг биринчи мажлисларини чақиришга оид масала ҳам кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 81-моддасига ва Сайлов кодексининг 14-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биринчи мажлислари Марказий сайлов комиссияси томонидан чақирилади.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда Сенатининг биринчи мажлислари 2020 йил 20 январь куни Тошкент шаҳрида чақирилиши белгиланди.