Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳузуридаги Таълим маркази билан ҳамкорликда семинар ташкил этилди. 

Халқ таълими вазири У.Иноятов ва бошқалар Ҳаракатлар стратегиясида умумий ўрта таълимни янада ривожлантириш, ўқитишни сифат ва мазмун жиҳатдан юқори босқичга олиб чиқишдек вазифалар белгиланганини таъкидлади.

Ўқитиш сифатини юксалтиришда хорижий мамлакатлар билан маърифий ҳамкорликнинг тобора кенгроқ йўлга қўйилиши муҳим аҳамият касб этади.

Давлатимиз раҳбарининг яқинда Корея Республикасига қилган давлат ташрифи доирасида имзоланган битим ва келишувлар билан бирга таълим сифатини ошириш мақсадида юртимизда ушбу давлатнинг ўқитишга оид илғор тажрибаларини жорий этиш масаласига эътибор қаратилган эди.

Мамлакатимизда Корея Республикаси билан таълим соҳасидаги ҳамкорлик ўқитишнинг умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълимда педагогларнинг профессионал маҳоратини ошириш, ўқув дастурларини такомиллаштириш, ўқитишга илғор АКТ ва педагогик технологияларни жорий этиш каби йўналишларда тобора ривожланмоқда. Жумладан, ҳар йили мамлакатимиз умумтаълим мактабларининг информатика ўқитувчилари Корея Республикасида ахборот технологиялари соҳасида малака оширмоқда. Юртимиздаги 13 умумтаълим мактабида, қатор лицей ва коллежларда корейс тили дарс сифатида ўқитилади.

– Юртингизда таълим соҳасига қаратилаётган юксак эътибор таҳсинга лойиқ, – дейди Корея Республикаси Таълим вазирлигининг бошқарма бошлиғи Чой Чун Ха. – Ушбу семинар таълим соҳасида илғор билим ва тажрибаларни ўзаро ўртоқлашиш, фикр алмашиш, касбга оид малака ва кўникмаларни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Семинарда педагоглар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, ахборот-коммуникация технологияларини ўқитиш ва амалиётда қўллаш, мультимедиа маҳсулотларини яратиш, таълим сифатини мониторинг қилишдаги мезонларни ишлаб чиқиш ва баҳолаш тизимини такомиллаштириш, таълимни бошқаришни ташкил этиш бўйича хорижлик мутахассислар билан тажриба алмашиш имконияти яратилади. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Мактабгача таълим вазирликлари ва Ўрта махсус касб-ҳунар таълим марказининг масъул ходимлари Корея Республикаси Таълим вазирлигининг мутахассислари билан илғор иш тажрибалари хусусида ўзаро фикр алмашади.

 

Назокат Усмонова, ЎзА