Ўзбекистон ва Япония парламентлараро ҳамкорлиги янада кенгаяди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси “Парламентаризмнинг япон тажрибаси: Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик” мавзуида давра суҳбати ўтказди.
“Олий Мажлис – Япония парламенти” парламентлараро гуруҳи вакиллари, депутатлар, Нагоя университетининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат шарқшунослик институти вакиллари иштирок этган тадбирда асосий эътибор Ўзбекистон – Япония ўртасида парламентлараро мулоқотни фаоллаштириш, парламент аъзолари ҳамкорлиги механизмини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш истиқболларига қаратилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги давлатлараро муносабатларнинг муҳим таркибий қисми бу – парламентлараро алоқалар бўлиб, ушбу тизимдаги ўзаро алоқаларни фаоллаштириш зарур. Шунингдек, Олий Мажлиснинг мамлакатимиз ҳаётидаги ҳамда Ўзбекистон давлатчилигини барпо этишдаги ўзига хос ўрни юқори ҳисобланади.
Япония парламенти вакилларининг декабрь ойида мамлакатимизда бўлиб ўтадиган сайловларда халқаро кузатувчи сифатида қатнашиши алоҳида қайд этилди. Сўнгги йилларда кузатилган давлатлараро алоқаларнинг барча соҳаларида Ўзбекистон – Япония ҳамкорлигини фаоллаштириш тенденциясидан қониқиш ҳосил қилингани айтилди.
– Икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатлар кўп йиллик тарихга эга, – деди Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Авазбек Жалилов. – Бугунги кунда Ўзбекистон ташқи сиёсатида ҳам, ички ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда ҳам Япония билан ҳамкорлик муҳим ўрин эгалламоқда.
Тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил декабрь ойида Японияга бўлажак ташрифи ҳақида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди. Мазкур ташриф, шубҳасиз, самарали алоқаларни янада юқори поғонага кўтаришга, давлатлараро муносабатларда янги босқичнинг бошланишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Шунингдек, мутахассислар икки давлат ўртасида келгусида ҳамкорликни кучайтириш, айниқса, Япониянинг миллий қонунчилик соҳасида амалга ошираётган ислоҳотлари, банк-молия ва маданий-туристик имкониятларини ўрганиш кераклигини айтиб ўтди.

 

Абдулазиз МУСАЕВ, ЎзА