2019 йил 9 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси ўтказилди. Унда депутатлар мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётига доир бир қатор муҳим масалаларни кўриб чиқдилар. Мажлисда депутатлар эътиборига иккинчи ўқишда ҳавола этилиб, муҳокама марказида бўлган долзарб масалалардан бири, шубҳасиз, «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бўлди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур лойиҳа билан қабул қилинаётган янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳаси юзасидан парламент қуйи палатасида Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзолари, Давлат бюджети бошқармаси ходимлари ҳамда Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси мутасаддилари иштирокида жуда кенг ва қизғин муҳокамалар ўтказилди.
Мажлисда қайд этилганидек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги Фармонида солиқ юкини изчиллик билан камайтириш, солиқ солиш тизимини соддалаштириш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш ҳамда бир қатор тизимли муаммоларни ечиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган эди.
Яна бир муҳим жиҳат, давлатимиз раҳбари 2018 йил 28 декабрда Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида янги таҳрирдаги Солиқ кодексида мамлакат тараққиётининг таянчи бўлган инсофли солиқ тўловчиларни рағбатлантириш, яширин фаолият юритаётганларнинг қонуний фаолият юритиши учун шарт-шароитлар яратиш шартлигини айтиб ўтган эди. Бунда фуқароларимиз солиқдан қочиш эмас, балки уни вақтида тўлашдан манфаатдор бўлиши лозимлиги қайд этилганди.
Ана шуларни инобатга олган ҳолда, янги солиқ тизимини яратишда тенглик, соддалик, аниқлик ва самарадорлик каби асосий принципларга асосланилди. Шу маънода, Вазирлар Маҳкамаси томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган янги таҳрирдаги Солиқ кодекси тўғрисидаги қонун лойиҳаси жорий йилнинг 26 ноябрида депутатлар томонидан биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилингани бежиз эмас. Зеро, ўтган давр мобайнида лойиҳа, аввало, парламент қуйи палатасидаги барча сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталар ҳамда бир неча маротаба ишчи гуруҳлар йиғилишларида кенг муҳокама қилиниб, маромига етказилди.
Шу билан бирга, лойиҳа юзасидан бир қатор ташкилот ва муассасаларда ҳам мутахассислар, экспертлар иштирокида муҳокама ҳамда таҳлиллар ўтказилди. Муҳокамалар парламентдан ҳудудларга ҳам кўчиб, республикамизнинг барча вилоятларида маҳаллий Кенгашлар депутатлари, мутасаддилар, мутахассислар, экспертлар, тадбиркорлар, йирик солиқ тўловчилар иштирокида кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда, туркум семинарлар ташкил этилди. Ушбу тадбирларда лойиҳанинг ҳар бир нормаси иқтисодиётнинг барча жабҳасида макроиқтисодий барқарорликка эришиш, пировардида, мамлакат ривожи ҳамда халқ манфаатлари устуворлигини таъминлаш нуқтаи назаридан кўриб чиқилди. Мақсад – кодекс лойиҳасидаги ҳар бир норманинг амалиётда тўғридан-тўғри ишлашини таъминлаш, унинг халқчиллигини оширишдан иборатдир.
Қолаверса, мамлакатимиз тарихида илк бор кузатилаётган ушбу янгиликни тадбиркорлар ва бизнес вакиллари анчадан буён кутаётган эди. Шу боис, кўплаб экспертлар солиқларни ҳисоблаш ва тўлаш механизмини такомиллаштиришга, солиқ қонунчилигида ҳуқуқни қўллашнинг барча тартиб-таомилларини аниқлаштириш ҳамда тартибга солишга қаратилган нормалар лойиҳадан ўрин олгани, ўз навбатида, илк бор Солиқ кодекси билан тасдиқланаётган солиқ нормалари ва ставкаларининг доимийлигини таъминлашга хизмат қилишини эътироф этмоқда.
Дарҳақиқат, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси ҳаволаки нормалар, қонуности ҳужжатларини максимал даражада камайтирган ҳолда, тўғридан-тўғри амал қиладиган ҳужжат сифатида қабул қилинмоқда. Шу боис, лойиҳада барча солиқлар бўйича ставкалар (акциз солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқдан ташқари) белгиланиши кўзда тутилмоқда. Шунингдек, солиқ қонунчилиги нормалари қўлланилишини соддалаштириш, ундаги зиддиятлар ва тушунмовчиликларнинг олдини олиш, инсофли солиқ тўловчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, солиқ назоратининг шакл ва механизмлари, солиқ объектлари, солиқ тўловчиларнинг ҳисобини юритишни таъминлайдиган АКТни кенг жорий этиш билан боғлиқ бир қатор муҳим янгиликлар назарда тутилмоқда. Жумладан, солиқ назоратининг янги тартиби (камерал текширув, сайёр текширув, солиқ аудити) таклиф этилмоқда.
Таҳлика-таҳлил дастури жорий қилинмоқда. Ушбу дастур фаолият кўрсатаётган барча хўжалик субъектларини муайян мезонлар асосида, хавфлилик даражасига қараб, инсон омилисиз, автоматлаштирилган ҳолда 3 та сегментга (яшил йўлак, сариқ йўлак, қизил йўлак) ажратади. Унга биноан, хавфлилик даражаси паст бўлган (яшил йўлакча) корхоналарга нисбатан солиқ текширувлари амалга оширилмайди ва ушбу корхоналарга юқори даражадаги солиқ хизматлари кўрсатилади. Хавфлилик даражаси ўртача бўлган (сариқ йўлакча) корхоналарга нисбатан фақат камерал солиқ текшируви амалга оширилади ва ушбу корхоналарга хато-камчиликларини бартараф этиш бўйича ҳисоботини тузатиш имкони берилади ҳамда уларга молиявий ва маъмурий жарималар қўлланилмайди .Солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, бухгалтерия ҳужжатларини ва ҳисобварақ-фактураларини сохталаштириш ҳолатлари аниқланган хавфлилик даражаси ўта юқори бўлган (қизил йўлакча) корхоналарга нисбатан эса солиқ аудити текшируви тадбирлари амалга оширилади. Ўз-ўзидан аниқки, бундай корхоналар доимий назоратда бўлади.
Депутатларнинг фикрича, ушбу тадбирлар солиқ назоратини амалга оширишнинг шаффофлигини таъминлаб, юзага келиши мумкин бўлган коррупция ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.
Лойиҳада солиқ тўловчилар ҳамда солиқ органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқлаштирилди. Солиқ текшируви турлари 13 тадан 3 тагача қисқармоқда.
Бундан ташқари, киритилаётган янгиликларга кўра, ортиқча ундирилган суммаларга ҳар бир ўтган куни учун солиқ органлари томонидан солиқ тўловчига пеня тўланади. Хорижий сайёҳлар Ўзбекистонда сотиб олинган товарларга ҳисобланган қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) “Tax free” тамойили асосида қайтарилади. Мулкни (хизматларни) беғараз равишда топширишда тўланадиган ҚҚС бекор қилинмоқда. Давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган корхоналар томонидан тўланаётган ягона ижтимоий тўлов 25 фоиздан 12 фоизга туширилмоқда.
Лойиҳада солиқ органлари томонидан солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни 30 кундан ошмаган муддатга тўхтатиб туриш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, солиқ солиш мақсадида барча битимлар ва солиқ тўловчи киришадиган бошқа иқтисодий муносабатлар, уларнинг юридик жиҳатдан расмийлаштирилиши усулидан қатъи назар, ўзининг ҳақиқий иқтисодий мазмунидан келиб чиққан ҳолда ҳисобга олиниши бўйича янги меъёр киритилмоқда.
Солиқ ҳуқуқбузарликларига йўл қўяётган тадбиркорлик субъектларига нисбатан молиявий санкциялар қўллаш тартиби қайта кўриб чиқилмоқда.
Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳасида солиқ низоларини судгача ҳал қилиш тартиби ҳам аниқлаштирилмоқда. Яъни, солиқ низоларини судгача муҳокама қилишни мажбурий ўтказиш тартибини жорий этиш кўзда тутилмоқда.
Умуман, мажлисда лойиҳада акс этган шу ва бошқа кўплаб янгиликлар, муҳокамаларда билдирилган ҳамда бевосита парламент қуйи палатаси депутатлари таклифи билан киритилаётган ўзгаришлар хусусида ҳам атрофлича тўхталиб ўтилди.
Таъкидланганидек, лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида парламент қуйи палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталар мажлисларида, шунингдек, жойлардаги муҳокамалар жараёнида депутатлар, тадбиркорлар, олимлар, экспертлар ва мутахассислар томонидан 500 дан ортиқ таклиф ва мулоҳаза билдирилди. Мазкур таклифлар қонун ташаббускорлари билан ишчи гуруҳларида кўриб чиқилиб, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳасига 70 дан ортиқ таҳририй ва концептуал ўзгаришлар киритилди. Жумладан, лойиҳадаги солиқ қарздорлиги кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат бериш ваколати Давлат солиқ қўмитасига тақдим қилиниши таклиф этилган эди. Муҳокамалардан сўнг йирик корхоналарнинг солиқ қарздорлигини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш бўйича рухсат бериш ваколати Давлат солиқ қўмитасига, қолган солиқ тўловчилар бўйича эса ҳудудий молия ва солиқ органларининг хулосаси асосида халқ де
путатлари вилоят Кенгашига берилиши кўзда тутилмоқда.
Ўтказилган муҳокамаларда парламент аъзолари томонидан қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) такомиллаштириш, фойда солиғини тартибга солувчи нормага ўзгартиришлар киритиш, харажатларнинг “иқтисодий асосланганлиги” тўғрисидаги ноаниқликларни чиқариб ташлашга доир бир қатор таклифлар билдирилган бўлиб, уларнинг аксарияти лойиҳада акс эттирилди.
Умуман, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси тўғрисидаги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда тайёрлаш жараёнида жуда катта ҳажмли иш бажарилди. Лойиҳа ҳар тарафлама пишиқ-пухта ҳолга келтирилди.
Мажлисда лойиҳа иккинчи ўқишда бобма-боб, моддама-модда кўриб чиқилди.
Муҳокамалар чоғида депутатлар томонидан бир қатор муҳим фикр-мулоҳаза ҳамда таклифлар ҳам билдирилди. Қизғин кечган савол-жавоб ва тортишувлардан сўнг лойиҳа овозга қўйилди ва «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.