Ушбу жамоаларнинг ўтган йилги баҳсида олмалиқликлар ғалаба қозонишганди, бу гал эса “Пахтакор” рақибидан муносиб “ўч” олди.
“Пахтакор” ҳамда АГМК жамоалари ўртасида Ўзбекистон кубоги финал учрашувида “шерлар” 3:0 ҳисобидаги йирик ғалабани қўлга киритишди.
Эътиборлиси, мазкур баҳсдаги ҳар уччала голга Драган Черан муаллифлик қилди. 31-дақиқада Сергеев ва Ҳамдамовнинг ажойиб ҳаракатидан сўнг Драган ўнг оёғида тўпни дарвозабон устидан ошириб ташлади. 60-дақиқада эса жарима майдончаси ичида Машариповга нисбатан амалга оширилган қўполлик учун олмалиқликлар дарвозаси томон пенальти белгиланди. 11 метрли жарима зарбасини сербиялик футболчи аниқ амалга оширган бўлса, орадан 17 дақиқа ўтиб тиниб-тинчимас Жалолиддиннинг чиройли ва аниқ узатмасидан сўнг 32 ёшли хорижлик ҳужумчи тўпни тўхтатмасдан дарвозага йўллади.
“Пахтакор” шу пайтгача ўз тарихида 12-марта мамлакат чемпионлигини қўлга киритган бўлса совринлари қаторига 12-бор кубокни ҳам қўшиб қўйишга муваффақ бўлди.
Жамоа бош мураббийи ва футболчиларнинг мақсади жорий йилги чемпионатда мукофотларни қўлга киритиш бўйича “хет-трик”ни амалга ошириш. Айни дамга қадар мамлакат чемпионатида бош соврин, кеча эса
Ўзбекистон кубоги жамоа хазинасини тўлдирди. Олдинда Лига Кубогининг финали ҳам бор. Эътиборли жиҳати, “шерлар” мазкур финалда ҳам айнан олмалиқликларга қарши майдонга тушади. Кўрамиз, пахтакорчилар ниятларига етиб, учинчи совринни ҳам ўзиники қиладими ёки АГМК илк Лига Кубогининг илк ғолиби бўладими?
Финал учрашувидан кейинги тақдирлаш маросими ҳам ЎзПФЛ томонидан юқори савияда ташкил этилди.
ПАХТАКОР – АГМК – 3:0
Тошкент. “Локомотив” стадиони. 7185 томошабин
Ҳакамлар: Шерзод Қосимов, Абдуҳамидулло Расулов, Жаҳонгир Саидов, Жасур Мухторов
“Пахтакор”: Элдорбек Суюнов, Хожиакбар Алижонов, Жалолиддин Машарипов, Драган Черан, Игорь Сергеев (Марат Бикмаев, 79), Достонбек Ҳамдамов, Одилжон Ҳамробеков, Шерзод Аъзамов, Сардор Собирхўжаев (Егор Кримец, 89), Фарруҳ Сайфиев (Владимир Козак, 86), Марко Симич.
АГМК: Суҳробжон Султонов, Эркин Бойдуллаев, Миржамол Қосимов (Жасурбек Умаров, 46), Дилшод Жўраев, Элгужа Григалашвили (Санъат Шихов, 63), Муроджон Тошматов, Акмал Шораҳмедов, Сайдулло Раҳматов, Сардор Раҳмонов, Бобурбек Йўлдошов, Шаҳзодбек Нурматов (Жасур Ҳакимов, 72).
Голлар: Драган Черан (31, 61-пен., 77)
Огоҳлантиришлар: Фарруҳ Сайфиев (74), Хожиакбар Алижонов (80) – Акмал Шораҳмедов (74), Санъат Шихов (80).
Назоратчи -Рашид Айтеков
Комиссар – Александр Давиденко.
Ойбек ЮНУСОВ, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА