Қорақалпоғистон Республикаси пахтакорлари пахта тайёрлаш режасини ортиғи билан бажарди

Қорақалпоғистон Республикаси пахтакорлари 2019 йилги пахта хомашёсини топшириш бўйича йиллик шартномавий режасини 100,54 фоизга ортиғи билан бажарди.
Жорий йил режасига кўра, Оролбўйи пахтакорлари давлатга 184 минг 200 тонна пахта хом ашёси топшириши белгиланган бўлиб, 2019 йил 26 октябрь ҳолатига кўра, ҳудуддаги жами 2 минг 523 фермер хўжаликлари ўз режаларини 100,54 фоизга ортиғи билан уддалаб, 185 минг 195 тонналик катта хирмон кўтарди. Шундай қилиб, Қорақалпоғистон Республикаси пахтакорлари Фарғона ва Андижон вилоятларидан кейин учинчи бўлиб зафар маррасига етдилар.
Бу қорақалпоғистонлик пахтакорлар учун катта ғалаба бўлди. Чунки ҳудуддаги оғир экологик вазият, ерларнинг шўрланиш даражасининг юқорилиги, мелиоратив ҳолатининг барқарор эмаслиги, ноқулай об-ҳаво шароити маҳаллий деҳқон-фермерлар учун пахта ҳосилини етиштириш, парваришлаш ва йиғиб олишда қийинчиликларни юзага келтирди.
photo_2019-10-26_13-26-23.jpg
Деҳқон-фермерларининг бу улкан зафари замирида муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Қорақалпоғистон Республикасида ҳам қишлоқ хўжалигини тубдан ислоҳ қилишга катта эътибор қаратилаётгани, деҳқонларимизнинг фидокорона меҳнати, кўп йиллик тажрибаси, пахта йиғим-теримини уюшқоқлик билан ташкил этиш борасида амалга оширилган ишлар муҳим омил бўлиб хизмат қилди.
photo_2019-10-26_13-26-25.jpg
Жорий йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишлари уюшқоқлик билан жадал суръатларда ўтказилмоқда. Бунда нафақат фермер хўжаликлари, балки кластер корхоналари ишчи-хизматчилари, ихтиёрий равишда қўшимча даромад топиш мақсадидаги иш билан банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳоли ҳам фаол иштирок этмоқда. Йиғим-терим ишларида қатнашаётган теримчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни моддий-маънавий рағбатлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Далаларида меҳнат қилаётган ҳар бир теримчига терган пахтасининг пули шу куннинг ўзидаёқ дала бошида бериб борилмоқда. Шунингдек, илғор теримчиларга енгил автомашиналар, музлатгич, телевизор, газ плитаси ва бошқа мукофотларнинг берилиши хам терим суръатини оширишда муҳим омил бўлмоқда. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ташаббуси билан оилавий теримчилар ўртасида “Ўн кунда энг кўп пахта терган оила” танлови ўтказилиб, ғолиблар “ Спарк” автомашинаси билан тақдирланди.
Бугунги кунга Тахиатош, Амударё, Нукус, Беруний, Қораўзак, Элликқалъа ҳамда Тахтакўпир туманлари пахтакорлари ҳам пахта етиштириш бўйича шартномавий режаларини ортиғи билан бажариб, мамлакатимиз хирмонининг юксалишига катта ҳисса қўшдилар.
Далаларда ҳосил ҳали мўл. Етиштирилган пахта ҳосилини охирги мисқолигача йиғиб-териб олиш учун бор имкониятларни ишга солади.
photo_2019-10-26_13-26-28.jpg

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА