Тўй ўтказиш тартибини бузганларга жарима бор

Маълумки, тўйлар, тантаналар, маросимларни ўтказишни тартибга солиш учун бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Шу билан бирга тарғибот тадбирлари ҳам ташкил этилаяпти.
Эндиликда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартибини бузганлик учун жарима белгиланмоқда. Бу “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасида кўзда тутилган.
Мазкур ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 192-1-модда билан тўлдирилади
Унда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартибини бузиш билан боғлиқ жарималар миқдори белгиланган.
Хусусан, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартибига қўйиладиган талабларга мазкур тадбирларни ўтказувчи шахслар томонидан риоя этмаслик фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида (2 миллион 230 минг сўм) жарима солишга сабаб бўлади.
Тўйхона, кафе ва ресторанларнинг мансабдор шахслари томонидан тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишга қўйиладиган талаблар бузилганда базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари миқдорида (6 миллион 690 минг сўм) жарима солинади.
Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида (11 миллион 150 минг сўм) жарима солишга сабаб бўлади.
photo5300884702019824944.jpg
Бундан олдин, Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги низом эълон қилинганди.
Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар фақат бир кун (дафн этиш маросими бундан мустасно) соат 06:00 ва 23:00 оралиғида ўтказилади.
Ҳудудларнинг шароитларидан келиб чиқиб, халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари томонидан ош бериш маросимининг вақти алоҳида белгиланади. Соат 23:00 дан кейин тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни давом эттиришга йўл қўйилмайди.
Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда 200 нафаргача, мазкур тадбирлар муносабати билан ош бериш маросимида 250 нафаргача киши қатнашади. Қўшалоқ тўйларда 250 нафаргача, у билан боғлиқ ош бериш маросимида 300 нафаргача киши қатнашиши мумкин.

 

ЎзА