Комбинат ходимларига давлатимизнинг юксак мукофотлари топширилди

Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида “Олмалиқ кон-металлургия комбинати“ акциядорлик жамиятининг 70 йиллиги байрам тантаналари давом этмоқда.
“Металлург“ маданият саройида шонли сана муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов, Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчиси Р.Холматов, саноат соҳаси олимлари, хорижлик меҳмонлар, комбинат ишчи-ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
26.JPG
Тантанали тадбир аввалида Бош вазир А.Арипов Президентимизнинг комбинатнинг 70 йиллиги муносабати билан йўллаган табригини ўқиб, эшиттирди.
Олмалиқ кон-металлургия комбинатини техник ва технологик жиҳатдан модернизация қилиш, ишлаб чиқариш жараёнига дунёнинг илғор замонавий технологияларини, етук мутахассисларни жалб этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Пировардида, комбинатнинг ишлаб чиқариш самарадорлиги ва сифати ортмоқда. Жумладан, комбинат ва унинг таркибий бўлимларида 36 мингдан зиёд ишчи-хизматчи меҳнат қилаётган жамият томонидан жорий йилнинг 9 ойида қиймати 1 миллиард 400 миллион доллардан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилди. Шу даврда ўсиш ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 131,5 фоизни ташкил этди. Айниқса, катодли мис, рух, олтин, кумуш ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли даражада ортди.
18.JPG
Тантанали тадбир доирасида Президентимизнинг шонли сана муносабати билан эълон қилинган махсус фармонига мувофиқ, давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган комбинат ходимларига меҳнатлари рағбати – мукофотлар топширилди. Тақдирланган саноатчиларга мукофотларни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов топширди.
10.JPG
Байрам тадбири мусиқий дастурга уланиб кетди. Олмалиқ шаҳрида байрам тадбирлари давом этмоқда.

 

Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ, Аъло АБДУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА