Нукусда “Бир миллион дарахт” акциясига старт берилди

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракат ташаббуси билан амалга оширилаётган ушбу акция бугун, 24 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказида старт берилди.
Акция Инновацион ривожланиш вазирлиги, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва бошқа ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланди.
Қорақалпоғистон Республикаси акциянинг бошланғич нуқтаси сифатида танланган рамзий маънога эга. Дунёда катталиги бўйича тўртинчи ўринда турувчи Орол денгизи бир авлод кўз ўнгида йўқ бўлди. Орол ҳавзаси минтақасидаги мисли кўрилмаган экологик вазият глобал муаммога айланди. Бугун бу ерда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Саҳро ҳудуди яшил ўрмонга айлантирилмоқда.
24 октябрь – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил этилган кун бўлиб, бу жамоатчилик эътиборини яна бир бор экологик муаммоларга жалб қилиш, яшаш учун қулай шароитлар яратиш, аҳолини ташвишга солаётган масалалар бўйича маълумот бериш, глобал муаммоларни ҳал қилиш учун аҳоли, сиёсий идора ва ресурсларни жалб қилишга сабабдир.
photo5298653840171707034.jpg
Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳам мазкур акцияни давом эттириш режалаштирилган. Ушбу вилоятларда кўчатлар асосан сув таъминоти чекланган жойларда экилади. Шу муносабат билан мураккаб иқлим шароитларига чидамли дарахт турлари танланади. Бундан ташқари, кўчатларни экишда сувни тежайдиган технологиялар, жумладан гидрогендан фойдаланиш режалаштирилган.
“Бир миллион дарахт” акциясининг мақсади – ўрмонларни кесиш ва иқлим ўзгариши таъсирига қарши курашиш, одамларни ихтиёрий равишда бирлаштириш орқали қулай атроф-муҳит яратиш, Ўзбекистонда дарахтларни кўпайтириш ва ўстириш масалаларига эътиборни жалб қилиш. Ушбу лойиҳа мамлакатимизда йилда икки маротаба: октябрдан декабргача ва февралдан апрелгача ўтказиш мўлжалланган.

 

ЎзА