Боксчиларимиз Осиё чемпионатида 20 медални қўлга киритди

Бирлашган Араб Амирликларининг Фужайра шаҳрида бокс бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида терма жамоамиз 8 олтин, 3 кумуш ва 9 бронза медални қўлга киритди.
Мусобақанинг қизлар ўртасидаги финал босқичида Сабина Бобоқулова, Феруза Казакова, Нигина Ўктамова, Азиза Зокирова барча рақибларини мағлубиятга учратиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Ўғил болалар ўртасида Азизбек Тожиев, Логин Петров, Нусратбек Тоҳиров, Жаҳонгир Зокиров Осиё чемпионига айланди.
Финалга қадар ўтган жангларда ғалаба қозонган Билолбек Ихволов, Бекзод Бекмуродов ва Моҳира Аҳмедова кумуш медаль билан тақдирланди. Шунингдек, Иқболжон Қудратов, Асрорбек Шаҳобиддинов, Анвар Болтабоев, Ғофуржон Тоҳиров, Жаҳонмурод Имомалиев, Аълохон Абдуллаев, Моҳларойим Савриддинова, Руҳшона Ўктамова ҳамда Шаҳноза Эргашева ўз вазн тоифаларида бронза медалини қўлга киритди.
photo5280850827067632895.jpg
Шунингдек, мусобақа ташкилотчилари томонидан Осиё чемпионатининг энг яхши боксчиси, деб 48 килограммгача вазнда мамлакатимиз шаънини муносиб ҳимоя қилган Сабина Бобоқулова топилди
Шу тариқа Осиё чемпионатида 20 медалга сазовор бўлган Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида биринчи поғонадан жой олди.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА