“Цемент саноати ва бозори” XV халқаро конференцияси иштирокчилари “Қизилқумцемент” АЖда бўлди

Пойтахтимизда “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти ва Россия Федерациясининг “Бизнес Цем” компанияси ҳамкорлигида ўтказилаётган “Цемент саноати ва бозори” XV халқаро конференцияси иштирокчилари Навоий шаҳридаги “Қизилқумцемент” акциядорлик жамиятида бўлди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, замонавий шаҳарсозлик лойиҳалари асосида барпо этилаётган турар жой бинолари ва иншоотлар аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, янги ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш, ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантиришга хизмат қилаётир. Айни мақсадлар учун қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўлами ва турини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Россия, Германия, Туркия, Қозоғистон, Италия, Швейцария, Австралия каби давлатларнинг етакчи компания ва фирмалари вакилларидан иборат делегация аъзолари цемент ва бошқа турдаги қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Қизилқумцемент” акциядорлик жамиятида амалга оширилаётган янгиланишлар жараёни, инновацион изланишлар самараси билан танишди.

Бугунги кунда корхонада йилига 3,5 миллион тонна цемент ишлаб чиқарилмоқда. Бу юртимизда ишлаб чиқарилаётган цементнинг 40 фоизини ташкил этади. 3 минг 500 дан ортиқ ишчи меҳнат қилаётган корхонада 10 дан зиёд қурилиш материаллари тайёрланмоқда.

– Корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати ва халқаро миқёсдаги салоҳияти билан танишдик, – дейди Германиянинг “Thyssenkrupp Industrial Solutions” компанияси менежери Вальдемар Классен. – Айниқса, цемент тайёрлашда зарур хомашё захираларини қазиб олишда компаниямиз томонидан ишлаб чиқариладиган техникалар айни муддао бўлар экан. Учрашувда корхона раҳбарияти билан ушбу масалада музокаралар олиб борилди, турли таклифлар муҳокама этилди. Ўйлайманки, ташрифимиз икки томон учун ҳам манфаатли бўлади.

Иштирокчилар корхона музейида бўлиб, унинг қурилиш тарихи ва ишлаб чиқаришнинг босқичма-босқич жорий этилиши жараёни билан танишди.

 

Нуриддин Раҳимов, Сирож Асланов (сурат), ЎзА