Шавкат Мирзиёев: Ҳунармандга нафақат машаққатли қўл меҳнати, балки қалб ҳарорати ҳам керак

Президентимиз Шавкат Мирзиёев биринчи халқаро ҳунармандчилик фестивалининг очилиш маросимида иштирок этиб, нутқ сўзлади.
Давлатимиз раҳбари ҳунармандларнинг машаққатли меҳнати алоҳида эътироф этиб, оддий қора тупроқдан, бир бўлак темир ёки ёғоч парчасидан ноёб ва гўзал буюмлар яратиш учун, таъбир жоиз бўлса, уларга “жону тил” бағишлаш учун ҳунармандга нафақат машаққатли қўл меҳнати, балки қалб ҳарорати кераклигини таъкидлади.
Нозик дид ва маҳорат, сабр-тоқат, энг муҳими, ўз касбига чексиз меҳр ва садоқат, фидойилик керак. Шу билан бирга, чинакам ҳунар соҳиби – у кулол бўладими, кандакор ёки тўқувчи бўладими, наққош ёки заргар бўладими – ўз ишини аъло даражада бажариш учун жуда кўп илмлардан, аввало, кимё, биология, тиббиёт, физика, геометрия, астрономия, тарих, фалсафа каби фанлардан хабардор бўлиши, уларни амалда қўллай билиши зарур, деди Президент.

 

ЎзА