Мамлакатимизда «Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш, сув тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш ва соҳани рақамлаштириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Сув хўжалигини ривожлантириш бўйича устувор йўналишлар ва комплекс тадбирларни ўз ичига олган Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси қабул қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 5 январдаги қарори билан сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш ҳамда сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенгайтирилган тартибда жорий этиш бўйича муҳим вазифалар ўрин олган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида депутатлар томонидан ирригация-мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда сув ресурсларини бошқаришни рақамлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан сув хўжалиги вазири Ш.Ҳамроевнинг ахбороти эшитилди.

– 2023 йилда 190 та ирригация ва мелиорация объектида қурилиш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилиб, белгиланган вазифалар тўлиқ бажарилган, – деди вазир. – Хусусан, ирригация йўналишида 392,9 км. канал, 57,7 км. лоток, 19 та гидротехника иншооти, 4,6 км. босимли қувурлар, 2 та кўприк ва 60 та суғориш қудуқларини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда 9,1 км. сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналарида қирғоқ ҳимоя ишлари қилинган. Шунингдек, мелиорация йўналишида 230,3 км. очиқ, 156 км. ёпиқ коллектор-дренаж тармоқлари, 6 та вертикал дренаж қудуғи, 59 та гидротехник иншоот, 58 та кузатув қудуқларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилган.

Ушбу тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида ирригация ва мелиорация объектларининг техник ҳолати яхшиланиб, 207,6 минг гектар майдоннинг сув таъминоти ва 105,7 минг гектар суғориладиган ер майдонининг мелиоратив ҳолати яхшиланишига эришилган.

Бундан ташқари, ирригация тизимини рақамли технологиялар асосида автоматлаштирилган бошқарувга ўтказиш мақсадида 2023 йилда 7 минг 339 та «Ақлли сув», 2 минг 578 та «Дайвер» ва 271 та насос қурилмалари ўрнатилиб, 21 та йирик сув хўжалиги объектининг бошқарув жараёнлари автоматлаштирилган. Бу борада сув истеъмолчилари кесимида сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш, шунингдек, улар тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш учун эса мўлжалланган «Сув ҳисоби» ахборот тизими яратилган.

Вазирлик томонидан 2024 йилда 215 та объектда 1 880 млрд. сўмлик қурилиш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилиши белгиланган. Бундан ташқари, вазирлик ҳузуридаги Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш марказининг буюртмаси бўйича ҳамда Халқаро молия институтлари иштирокидаги 3 та лойиҳа учун 385,8 млрд. сўм, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ижроия қўмитасининг Нукус филиали буюртмаси бўйича 1 та ирригация объекти учун 25 млрд. сўм ажратилиб, объектларни қуриш ва реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Мунозаралар давомида депутатлар амалга оширилган ишлар билан бирга, соҳадаги айрим камчиликлар ва ҳал этилиши лозим бўлган масалалар хусусида тўхталди. Савол ва таклифлар ўртага ташланди. Ҳудудларда сув хўжалиги объектларида ўрнатилган рақамли қурилмаларни масофадан бошқариш, кузатиб бориш, масофадан техник хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш лозимлигини таъкидлади.

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА