Кейинги йилларда энергетика тизимида бир қатор инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Тошкент иссиқлик электр марказидаги умумий қиймати 115 миллион АҚШ долларига тенг инвестиция лойиҳаси ҳам улардан биридир.

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 октябрдаги қарори ижроси доирасида ҳар бирининг қуввати 32 МВт бўлган иккита газ турбинасини қуриш лойиҳаси бўйича амалга оширилган ишлар ўз ниҳоясига етказилди.

Жорий йилнинг 2 май куни III Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида ушбу иккита газ турбинаси қурилмасининг ишга туширилишига давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан старт берилди.

Бугун, яъни 7 май куни “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти томонидан ОАВ вакиллари учун Тошкент иссиқлик электр марказига пресс-тур ташкил этилди.

Унда иштирокчилар инвестиция лойиҳаси доирасида бу ерда қад ростлаган ҳар бирининг қуввати 32 МВт бўлган иккита газ турбинаси фаолияти билан танишди.

Тошкент иссиқлик электр маркази бош муҳандиси Умид Рисқулов журналистларга ҳамроҳлик қилиб, марказ ҳудудида бунёд этилган иккита замонавий газ турбинасининг ишлаш жараёнлари ҳақида атрофлича маълумот берди.

– Қиймати 115 миллион АҚШ долларига тенг йирик инвестиция лойиҳаси асосида замонавий иншоот қурилиши 2022 йилнинг бошида бошланган эди. Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) иштирокида инвестиция лойиҳаси ишлаб чиқилган. Туркиянинг “Çalik Enerji” компанияси бош пудратчилигида қурилиш-монтаж ишларини белгиланган муддатларда якунлаш мақсадида лойиҳага бир вақтнинг ўзида 600 нафардан ортиқ маҳаллий ва хорижий мутахассислар ҳамда 50 га яқин техника жалб этилди.

Лойиҳанинг аҳамияти шундаки, энди марказ томонидан йилига қўшимча 515,6 миллион киловатт соат электр ва 690,3 минг Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади. Юқори тежамкор замонавий технологиялар эвазига йилига 219 минг куб метр табиий газ иқтисод қилинади.

Мазкур лойиҳани амалга оширишдан кўзлаган асосий мақсад кам ёқилғи сарфлаб кўпроқ электр энергияси ишлаб чиқариш эди. Шу боис Япония компаниясида ишлаб чиқарилган иккита газ турбинаси қурилмаларини ўрнатдик. Боиси айнан улар дунёнинг кўпгина мамлакатларида айни мақсадларга эришиш бўйича ижобий кўрсаткичларга эга. Қурилманинг ишга туширилиши натижасида атроф-муҳитга чиқарилаётган ифлослантирувчи моддаларнинг 200,5 тоннага камайишига эришилади.

Бугунги кунда мазкур йирик инвестиция лойиҳасининг ҳаётга татбиқ этилиши билан қўшимча 40 та иш ўрни яратилганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Биз ишлаб чиқараётган электр энергияси умумий тармоққа узатилади. Умумий тармоқда эса истеъмолчиларга берилади. Ҳозир иссиқлик энергиясининг умумий қуввати соатига 3 минг тоннани ташкил этади. Биз ишлаб чиқараётган иссиқлик энергияси “Veolia Energy Tashkent” МЧЖ ХК томонидан истеъмолчиларга етказиб берилади, – деди У.Рисқулов.

Пресс-тур давомида иштирокчилар газ турбиналарини бошқарув маркази фаолияти билан ҳам танишди. Тўлиқ автоматлаштирилган ушбу марказда иш жараёнлари кузатилади ва бошқарилади.

Туркиянинг “Çalik Enerji” компанияси муҳандиси Холис Гунал Ўзбекистонда бу лойиҳани татбиқ этишда ўз ҳиссасини қўшганидан миннатдор эканини билдирди.

–Биз ўзбекистонлик мутахассислар билан якдилликда ушбу лойиҳани амалга оширдик. Ҳозир газ турбиналарини тест режими асосида ишга туширдик. Бу ерда биз барча ишлаш тизимини автоматик тарзда кузатиб, қурилмаларнинг ишлаш тартибини назорат қилиб борамиз. Компаниямиз ҳақида тўхталадиган бўлсак, юртингизда бир қатор лойиҳаларни амалга оширяпмиз. Ушбу лойиҳа улардан бири бўлиб, Наманган, Навоий ва Қашқадарёда бу каби ишларда ҳамкорлик қилаяпмиз. Ўйлайманки, бундан кейин ҳам бизнинг ҳамкорлигимиз бардавом бўлади, – деди у.

Пресс-тур якунида лойиҳа мутахассислари билан суҳбат уюштирилиб, улар журналистларнинг саволларига жавоб берди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА