Тошкентда “Цемент саноати ва бозори” XV халқаро конференцияси бўлиб ўтмоқда

“Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти ва Россия Федерациясининг “Бизнес Цем” компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган форумда Ўзбекистон, Россия, Хитой, Туркия, Буюк Британия, Германия, Италия, Испания, Дания, Австрия, Австралия, Арманистон, Ҳиндистон, Қозоғистон, Украина каби давлатлардан етакчи компания ва фирмалар вакиллари, мутахассислар иштирок этмоқда.

“Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосари Т.Муҳаммаджонов ва бошқалар мамлакатимизда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётгани, юқори сифатли қурилиш материалларига талаб ортиб бораётганини таъкидлади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 26 декабрдаги “2017-2019 йилларда тайёр маҳсулот турлари, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришнинг истиқболли лойиҳаларини амалга оширишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда.

2.JPG

Бугунги кунда юртимизда деярли барча турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарилаётир. Энергия тежамкор ва самарадор технологияларни жорий қилиш орқали импорт ўрнини босадиган ва экспортга мўлжалланган маҳсулотлар турини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, цемент саноати ҳам изчил модернизация қилинмоқда. Айни пайтда мамлакатимизда 14 цемент заводи фаолият юритмоқда. 2010-2016 йилларда уларда ишлаб чиқариш ҳажми 1,25 баробар ошиб, йилига 9 миллион тоннага етган. Келгусида 10 миллион тонна цемент тайёрлашни йўлга қўйиш режалаштирилган.

“Қизилқумцемент” акциядорлик жамияти юртимиздаги етакчи корхоналардан бири. Бу ерда йилига қарийб 3,5 миллион тонна цемент тайёрланади. Шунингдек, “Оҳангаронцемент”, “Қувасойцемент” ва “Бекободцемент” акциядорлик жамиятларида 4 миллион тоннага яқин маҳсулот ишлаб чиқарилаётир. Ҳар йили янги ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилмоқда. Жорий йилда Қорақалпоғистонда “Қорақалпоқцемент”, Фарғонада “Яйпаншифер” масъулияти чекланган жамиятлари фойдаланишга топширилгани фикримиз далилидир.

– Биз Ўзбекистон билан цемент ишлаб чиқариш соҳасида узоқ йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келамиз, – дейди “DAL Teknik Makina” компаниясининг минтақавий мувофиқлаштирувчиси ўринбосари Лина Дюрак (Туркия). – Ҳамкорлигимиз доирасида Жиззах цемент заводи қуриб фойдаланишга топширилган эди. Ҳозирги кунда Сурхондарёда йиллик қуввати 1,5 миллион тонна бўлган яна бир цемент заводи қурилаётир. Ўзбекистонда яратилган қулай инвестиция муҳитидан унумли фойдаланиб, Олмалиқда металл ишлаб чиқариш заводи қурилишига сармоя киритганмиз.

Конференцияда Ўзбекистон цемент саноатининг технологик линияларини модернизация қилиш, янги цемент заводлари қуришда энергия тежамкор ускуналардан фойдаланиш, цемент тайёрлаш жараёнида ис гази ажралиб чиқишини камайтириш мавзуларида маърузалар тингланди. 2018 йилда қуриб битказилиши режалаштирилган 4 та цемент заводини барпо этиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди. Соҳага экологик тоза технологияларни жорий қилиш ва қўшма корхоналар ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

6.JPG

– Янги конларни ўзлаштириш ва мавжудларидан самарали фойдаланиш ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга, – дейди “Thyssenkrupp Industrial Solutions” компанияси менежери Вальдемар Классен (Германия). – Ўзбекистонда бу борада изчил ишлар олиб борилмоқда. Компаниямиз тоғ-кон саноатида ишлатиладиган замонавий техника ва ускуналар ишлаб чиқаради. Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур конференция ишлаб чиқарувчи ва харидорлар ўртасида манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, соҳадаги ютуқ ва камчиликларни таҳлил қилиш имконини беради.

Тадбирда дунёга машҳур “AUMUND”, “GeoCon GmbH”, “Refrotenik Cement GmbH”, “Haver&Boecker”, “Thyssenkrupp Industrial Solutions”, “FLSmidth A/S”, “Fundiciones Del Estanda”, “Dal Teknik Makina” каби бир қанча йирик компанияларнинг цемент саноати ускуналари кўргазмаси ташкил этилди.

Конференция доирасида хорижлик мутахассислар “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти таркибидаги ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишади.

Пойтахтимизда еттинчи бор ўтказилаётган мазкур конференция мамлакатимиз цемент саноатини ҳар томонлама ривожлантириш, соҳага инвестиция жалб этиш орқали мавжуд ишлаб чиқариш ҳажми ва сифатини ошириш, тармоқни реконструкция ва модернизация қилишдаги ҳамкорлик истиқболларини белгилаб олишда муҳим ўрин тутади.

 

Улуғбек Шоназаров, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА