Президент дунёқарашини ўзгартирмаган сектор раҳбарларини танқид қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Нукус шаҳрида Қорақалпоғистонни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича йиғилиш бўлиб ўтмоқда.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, шаҳар ва туманлари сектор раҳбарлари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари иштирок этмоқда.
Барча соҳа ва ҳудудларда, жумладан, Қорақалпоғистонда ҳам ижобий сифат ўзгаришлари таъминланмоқда. Биринчи ярим йилликда ялпи ҳудудий маҳсулот 7,2 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 5,4 фоизга, қурилиш ишлари ҳажми 45 фоизга ўсган.
Президентимиз ҳудудда ҳали жиддий муаммолар кўплигини, саноатни ривожлантириш, иш ўринларини кўпайтириш бўйича ишлар етарли эмаслигини таъкидлади.
985bbbfa-be73-aec9-4ad6-dc0be070b7bc.jpg
– Бу ерга қарсак учун эмас, ишлаш учун, халқимиз кўзини кўриш учун келдим, – деди Шавкат Мирзиёев. – Дунёқарашини ўзгартирмаган сектор раҳбарлари оёғимизга кишан. Ишга кирган битта хотин-қизнинг бахтини тасаввур қиласизларми? Ёшларни ким етаклайди, тўғри йўналиш беради? Мўйноқ мисолида кўрдиларингиз. Одамларнинг кўзларида «қилса бўлар экан-ку» деган нур бор. Лекин энди бу тарих. Ҳамма туманларда шундай ўзгаришлар қилиш керак.
Биринчи ярим йилликда Қорақалпоғистонда саноат ишлаб чиқариш ҳажми атиги 0,5 фоизга ўсгани, Тахтакўпир, Шуманай, Нукус, Чимбой, Тўрткўл, Кегайли туманларида саноат деярли йўқлиги танқид қилинди. Хизмат кўрсатиш, тадбиркорлик ривожи ҳам сустлиги кўрсатиб ўтилди.
– Охирги уч йил мобайнида туб ислоҳотлар натижасида кўплаб соҳаларни эркинлаштирдик, уларнинг ривожига халақит берган чекловларни бекор қилдик. Қорақалпоғистонда ҳам ҳар бир сектор раҳбари чекловларни бекор қиламан, тадбиркорга хизмат қиламан, деган қоида, шиор билан ишлаши керак, – дея таъкидлади Президент.

 

ЎзА