Юртимизда ёш авлодни ҳар жиҳатдан етук, жисмонан соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишлари, уларнинг ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўла намоён этишлари учун кенг шароит ва имкониятлар яратиб берилаётир.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон футбол ассоциацияси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва бошқа тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллигига бағишлаб маҳаллалар ёшлари, хусусан 18-30 ёш оралиғидаги ҳаваскор футболчилардан ташкил топган жамоалар ўртасида ўтказилаётган “Чарм тўп” анъанавий республика турнири ана шу саъй-ҳаракатлар самарасидир.
Айни дамда, жойларда ушбу турнирнинг учинчи босқичи ниҳоясига етмоқда. Шунинг баробарида, байрамона тарзда уюштирилаётган учрашувлар футбол ихлосмандларида катта таассурот қолдираяпти.
14-15 август кунлари Қорақалпоғистон Республикасида “Чарм тўп-2019” анъанавий турнирининг учинчи босқичи Марказий “Турон” стадионида кўтаринки руҳда ўтказилди. Мусобақада саралаш босқичидан муваффақиятли ўтиб келган 16 та жамоа иштирок этиб, энг кучлилар ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.
Беллашувлар якунига кўра 1-ўринни Тахиатош тумани, 2-ўринни эса Қўнғирот тумани йигитлари қўлга киритган бўлса, фахрли 3-ўрин Нукус тумани жамоасига насиб этди. Шу тариқа Тахиатош тумани жамоаси Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Республика финал босқичига йўлланмани кўлга киритди.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорларга ташкилотлар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
ЎзА