Сентябрь ойидан Тошкентда сайёҳлик полицияси иш бошлайди

Юртимиздаги сайёҳликни ривожлантиришга оид кенг кўламли чора-тадбирлар дастурида туристларнинг хавфсизлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Транспорт ва туризм объектларида жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг самарали тизимини жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида жорий этилаётган Хавфсиз туризмни таъминлаш концепциясини Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сурхондарё вилоятларида татбиқ этиш, шунингдек, Ички ишлар вазирлигининг Хавфсиз туризмни таъминлашни мувофиқлаштириш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини ривожлантириш назарда тутилган эди.
Шунга мувофиқ, жорий йилнинг июнь ойидан Тошкент шаҳар ИИББ қошида Хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмаси иш бошлади. Бугунги кунда ушбу бошқарманинг 10 дан ортиқ ходимлари шаҳримиздаги аэропортлар, вокзаллар ҳамда сайёҳлик объектларида фаолият юритмоқда.
Тошкент шаҳар Туризмни ривожлантириш департаменти ҳамда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси мазкур бўлинманинг фаолиятини йўлга қўйиш давомида Бухоро ва Самарқанддаги Хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари вакиллари билан учрашиб, уларнинг иш тажрибаси билан танишди.
Шунингдек, мутасаддилар томонидан фаолият учун муҳим моддий техник базани шакллантириш ишлари амалга оширилди.
Тошкент шаҳар матбуот хизмати хабарида ёзилишича, айни кунда автобуслар, автомобиллар, скутер ва мотоцикллар ишлашга шай. 2019 йил сентябрь ойига келиб ташкилий ишлар ниҳоясига етади ва Тошкентда сайёҳлик полицияси тузилмаси тўлиқ таркибда шаклланади.
Ушбу бўлинма шаҳримизга келаётган туристларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда сайёҳлик объектларида жамоат тартибини сақлаш вазифасини бажаради.

 

ЎзА