Қайси санадан ҳарорат тушади? Ёки шу тарзда давом этадими?

Ушбу саволларга “Ўзгидромет” маркази бош синоптиги Ирина Зайцева шундай жавоб берди:
– Июль ойи бизда ҳам Ўрта Осиё ёзи учун ҳам жуда иссиқ келди, – дейди И.Зайцева. – Бу йил биз, Ўзбекистонда бутун метеорологик кузатувлар даврида барча ҳудудлар, хусусан Тошкентда ҳам энг иссиқ июль ойини бошдан кечирдик.
Эсингизда бўлса, 11 июлдан бошлаб ўртача ойлик ҳаво ҳарорати меъёрдан 5-7 даражага, айрим жойларда эса ундан ҳам юқори бўлди. Бу вақтда ҳарорат 40-43 даражани, юртимизнинг шимоли, жанубда ва чўл ҳудудларида иссиқ авжига чиққанда 44-45 даражани ташкил қилди, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларининг чўлларида эса жазирама 46-48 даражагача етди.
Тўғри орада ҳарорат бироз пасайган даврлар ҳам бўлди. Бироқ, жуда қисқа муддатда ўтиб кетгани боис, деярли сезилмади. Шу боис бу йилги июлнинг ўзига хослиги юқори ҳароратдагина эмас, балки жазирама даврнинг узоқ давом этганидадир. Мисол учун, кўпгина вилоятларда максимал ҳарорат 40 даража ва ундан юқори бўлган давр 10-17 кунни, жанубий ва чўл зоналарида эса 20-25 кунни ташкил қилди. Бу ўртача кўп йиллик кўрсаткичлардан анча юқори.
Бугун 5 августда тақвим бўйича чилла ўз ниҳоясига етди, бироқ ёз жазирамаси салқин кунларга ўз ўрнини бўшатишга шошилаётгани йўқ. Яъни Ўзбекистонда жуда иссиқ об-ҳаво сақланиб туради. Ҳарорат кундузи 40-43 даражагача, жанубий вилоятларнинг айрим жойларида эса 44-45 даража бўлиши кутилмоқда.
Қувонтирадиган хабар эса ҳафтанинг охирида кутилмоқда. 10-11 августга бориб, ҳарорат пасаяди ва 33-38 даражани ташкил қилиши кутилмоқда.

 

Сайёра ШОЕВА, ЎзА