Маҳаллаларда оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича 9 мингдан ортиқ мутахассис иш олиб бормоқда

Пойтахтимизда Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция ижроси юзасидан мамлакатимизда олиб борилган ишлар муҳокамасига бағишланган учрашув ўтказилди.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилган учрашувда тегишли вазирлик ва идоралар, жамоат ва халқаро ташкилотларнинг мутасаддилари иштирок этди.
Хотин-қизлар манфаатларини ҳимоялаш, уларнинг жамиятда кечаётган ислоҳотлар жараёнидаги фаоллигини янада кучайтириш, ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш масаласи юртимизда кечаётган туб ўзгаришларда устувор ўрин эгаллайди. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги фармони хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож бўлган аёлларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш, опа-сингиллар бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, айниқса, қишлоқ жойлардаги ёш қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этишга доир ишларни янгича асосда йўлга қўйишда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.
Маълумки, хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқли бўлишига эришиш йўлида 1979 йил 18 декабрда муҳим қадам қўйилган эди. Шу куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош ассамблеяси Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияни қабул қилди. 30 та моддадан иборат бўлган конвенцияда, барча хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқлигини таъминлашга йўналтирилган халқаро-ҳуқуқий шаклдаги тамойиллар ва чоралар аниқлаб берилган.
Ўзбекистон мазкур конвенцияни 1995 йилда қабул қилган ва унинг ижроси юзасидан мамлакатимизнинг 5 та даврий маърузаси БМТнинг CEDAW қўмитасида муҳокамага қўйилиб, хотин-қизларнинг ҳолатини янада яхшилаш бўйича зарур тавсиялар белгиланган.
2019 йил ноябрь ойида Ўзбекистон Республикаси томонидан БМТнинг CEDAW қўмитасида (Женева шаҳри) Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш конвенциясининг бажарилиши бўйича 6-даврий маърузаси тақдим этилади. 5-даврий маърузасини кўриб чиқиш якунларига кўра CEDAW қўмитаси тавсияларини бажариш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Миллий ҳаракатлар режаси қабул қилинган.
Мазкур конвенция юртимизда хотин-қизларга оид қабул қилинган миллий қонунчиликка уйғунлиги билан аҳамиятлидир. Юқорида номи келтирилган фармонга мувофиқ юртимизда Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этилди. Қизлар, ўсмир қизлар саломатлиги, таълим олишига оид ишлар янада такомиллаштирилди. Жойларда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларни ўз вақтида аниқлаш, улар билан якка тартибда ҳамда аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни олиб бориш бўйича муайян тизим йўлга қўйилди. Юртимизнинг турли ҳудудларида аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича бизнес инкубаторлар фаолияти кенг йўлга қўйилди. Маҳаллаларда хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича 9 мингдан ортиқ мутахассис иш олиб бормоқда.
Учрашувда жамият ривожида аёлларнинг ўрни, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга қаратилган қонунлар яратилиши, фидойи, юксак салоҳиятли, изланувчан, билимдон, ўз касб-корининг устаси бўлган хотин-қизларнинг жамият ижтимоий ҳаётидаги фаоллигини ошириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқий, ижтимоий, маданий манфаатларини муҳофаза қилиш, уларнинг фаолиятига халақит бераётган тўсиқларни бартараф этиш бўйича фикр юритилди. Шунингдек, хотин-қизларнинг бандлиги масаласини ҳал қилишга кўмаклашиш, меҳнат қилиш ва дам олишини ташкил этиш каби масалалар бўйича фикр алмашилди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова сўзга чиқди.

 

Назокат УСМОНОВА, ЎзА