981 маҳаллада мактабгача таълим муассасаларини ташкил этишга эҳтиёж бор

Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг мажлисида Мактабгача таълим вазирлигининг 2019 йил биринчи ярим йиллигида амалга оширилиши белгиланган мақсадли вазифаларни бажариш юзасидан ҳисоботи эшитилди.
Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, мактабгача таълим муассасаларининг давлат ва нодавлат тармоғини кенгайтириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, болаларни мактабгача таълим муассасалари билан қамраб олишни кескин ошириш, таълим-тарбия жараёнларига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этиш орқали фарзандларимизни интеллектуал, маънавий-эстетик, жисмоний ривожлантириш ҳамда уларни мактабга тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш йўналишида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
2.JPG
Хусусан, бугунги кунда вазирлик тизимидаги 9 минг 774 мактабгача таълим муассасасида 1 миллион нафардан зиёд болаларга 81 мингдан ортиқ педагог таълим ва тарбия бериб келмоқда. Уларнинг аксарияти ёки қарийб 70 фоизи ўрта махсус маълумотга эга бўлгани учун вазирлик томонидан болалар боғчаларини босқичма-босқич олий маълумотли кадрлар билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан, вазирлик таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги “2019/2020 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ушбу мақсадларга бакалавр босқичининг кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларига жами 6 минг 400 тадан зиёд квоталар ажратилди.
Соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида нодавлат мактабгача таълим муассасалари сони ҳам ортиб бормоқда. Ҳозирги кунда 3 минг 942 нодавлат мактабгача таълим муассасаси мавжуд бўлиб, улар фаолиятини янада рағбатлантириш мақсадида бундай фаолият турини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 29 апрелдаги тегишли қарори билан чекланмаган муддатга бериладиган бўлди.
Мактабгача таълим муассасаларини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида тадбиркорлар томонидан аутсорсинг асосида хизмат кўрсатиш тизими жорий этилди. Жумладан, бугунги кунда 266 мактабгача таълим муассасасида 60 тадбиркор томонидан 63 минг 760 тарбияланувчига озиқ-овқат тайёрлаш хизмати кўрсатиб келинмоқда.
Қайд этилганидек, 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастури доирасида 461 мактабгача таълим муассасасида қурилиш ва реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда.
7.JPG
Мажлисда соҳага доир долзарб масалалар ҳамда вазирлик фаолиятини ўрганиш чоғида аниқланган хато ва камчиликлар қизғин муҳокама қилинди.
Хусусан, бугунги кунда 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган 1,5 миллиондан ортиқ бола ёки уларнинг 60 фоизи мактабгача таълим муассасаларига жалб этилмай қолмоқда. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида олиб борилаётган кенг кўламли қурилиш ишлари натижасида янги қурилаётган уйлар атрофида мактабгача таълим муассасаларига бўлган эҳтиёж ошиб бормоқда. Айни вақтда ҳудудларда 981 та маҳаллада мактабгача таълим муассасаларини ташкил этишга эҳтиёж борлиги мажлисда алоҳида таъкидланди.
Жойлардаги туман мактабгача таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларда замонавий шароитларни таъминлаш йўналишида вазирлик томонидан йўл қўйилган камчиликлар мажлисда атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, кўпгина муассасаларда компьютер воситалари билан таъминлаш ва уларни интернет тармоғига улаш билан боғлиқ ишлар ўз ниҳоясига етмаган. Айниқса, Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида мазкур топшириқ тўлиқ бажарилмаган.
Мажлисда муҳокама этилган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
8.JPG

 

Нурилло НАСРИЕВ, Темур МАМАДАМИНОВ олган суратлар, ЎзА